Наманган клуби 273 кун ўтиб яна ўз майдонида ўйнади. ПФЛ майдон ҳолати мусобақа талабларига жавоб бермайди деб ҳисоблагани сабаб «Навбаҳор» уй ўйинларини Тошкентда ўтказаётганди. «Хоразм»га қарши ўйинни кўриш учун Намангандаги стадионга 15 мингга яқин мухлис тушди.
Темур Кападзе жамоаси учрашувда йирик 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Жароҳати сабаб мавсум стартини ўтказиб юборган ҳужумчи Ҳусайн Норчаев ўйинда тўртта гол уриб, «покер» қайд этди. Русланбек Жиянов наманганликларнинг яна бир голига муаллифлик қилди. «Хоразм»нинг ягона голини Рустам Абдуҳамидов урди.
Бу ғалабадан кейин «Навбаҳор» биринчи даврани 25 очко билан якунлади. Кападзе жамоаси ҳозирча 5-ўринда. Тўплар нисбати +9 ва бу борада наманганликлар фақат «Пахтакор» ва «Нефтчи»дан ортда. Сергей Токов мураббийлигидаги «Хоразм» 16 очко билан ҳозирча 12-ўринда қолди.
Ўзбекистон чемпионатларида бир ўйинда тўртта гол уриш ноодатий воқеа ҳисобланади. Охирги марта «Пахтакор»да ўйнаётган вақтида Драган Черан буни уддалаганди. 2022 йил сербиялик ҳужумчи «Қизилқум» дарвозасига «покер» йўллаган. Наманган жамоаси сафида эса охирги марта украиналик ҳужумчи Руслан Качур 12 йил аввал «Бухоро» дарвозасига тўртта гол урганди.
Куннинг яна бир ўйинида Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоаси меҳмонда «Машъал»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Муборакдаги стадион ҳам талабга жавоб бермаслиги сабаб «Машъал» рақибларини Ғузорда қабул қилмоқда. Жиззахликлар сафида Люпчо Дориев учта гол уриб, тўпурарлар пойгасидаги етакчиликни «Динамо» сардори Анвар Ҳожимирзаевдан қайтариб олди. Македониялик ҳужумчи ҳисобидаги эндиликда 11 та гол бор.
Биринчи давра ўйиндари эртага якунланади. «Қўқон-1912» ўз майдонида «Сурхон»ни, ОКМК «Насаф»ни, «Динамо» Самарқандда пешқадам «Нефтчи»ни қабул қилади.













