Жаҳон | 17:30 / 27.02.2018
17241
3 дақиқада ўқилади

«Мен учун суннийлар ва шиаларнинг ҳеч қандай фарқи йўқ» — Ливан раҳбари мактабда дарс ўтди

Ливан бош вазири Саад Ҳарири фаол сиёсий арбоблардан ҳисобланади. Яқинда Ливан ҳукумати раҳбари мамлакатдаги мактаблардан бирига ташриф буюриб, ўқувчилар учун ўзига хос дарс ўтди. Бу дарс телевидение орқали ҳам эфирга узатилди.

Ўқувчилар бош вазирга унинг оиласи, фаолияти ҳақидаги, шунингдек, диний саволлар билан ҳам мурожаат қилишди.

Жаноб Ҳариридан мусулмон оламидаги икки йирик йўналиш — суннийлар ва шиалар ҳақида ҳам сўрашди. Бош вазир бу саволга жавоб берар экан мактаб тахтасида сунний ва шиа сўзларини ёзди.

Кейин эса деди: «Аллоҳ, Қуръон, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва исломнинг 5та устуни бу икки йўналиш учун ҳам муқаддасдир. Шундай экан, уларни айиришдан нима наф? Мен учун суннийлар ва шиаларнинг ҳеч қандай фарқи йўқ. Уларни ажрартиш менинг фикримча шунчаки сиёсий юриш».

Ҳарири сиёсий фаолиятида отасининг ўрни катта бўлганини таъкидлади. Унинг отаси Рафиқ Ҳарири ҳам Ливан бош вазири бўлган ва 2005 йилда автомобиль портлатилиши оқибатида ҳалок бўлган. Ўқувчилар сиёсатчидан унинг фарзандлари ҳақида сўрашганда, улар хавфсизлик мақсадида чет элда яшашини айтди. У фарзандлари урушдан, хунрезликлардан узоқда бўлишини хоҳлашини таъкидлаган. Харири Яқин Шарқнинг энг катта муаммоси нима деган саволга «Инсон ҳаётининг қадрланмаслиги» дея жавоб берди.

Ливандаги шиалар сиёсий ҳаракати «Ҳизбуллоҳ» ҳақида саволга бош вазир қисқагина жавоб берди. Унинг айтишича, Ливан ҳукумати «Ҳизбуллоҳ»нинг қуролларини тортиб олишни режалаштирмаган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида Ҳарири Саудияда туриб шиалар ҳаракатининг ишларини кескин қоралаган ва кўп ўтмай Ар-Риёдда туриб ўзининг истеъфоси ҳақида эълон қилганди. Халқаро жамоатчилик унинг Саудияда мажбуран ушлаб турилгани, истеъфо ҳақида ҳам Саудиянинг босими остида эълон қилганини таъкидлади. Бироқ бу хабарларни рад этган Ҳарири кўп ўтмай Ливанга қайтган ва ўз ишини давом эттирганди.

Мавзуга оид