...Шунча бўлурму ҳай-ҳай?!
Қўшиқчи Зулайҳо Бойхонова ижросида машҳур бўлган “Ҳай-ҳай”нинг шеър муаллифи кимлигини биласизми? Ушбу шеър ва кўплаб наср ҳамда назм дурдоналарини яратган адиб Саида Зуннунова 1926 йили Андижон шаҳрида дунёга келган.
Отадан эрта етим қолган Саида 1941-1943 йиллар Андижон ўқитувчилар институтида таҳсил олади. У Андижон мактабларида муаллима, газета муҳарририятларида адабий ходим бўлиб ишлаган.
Адабиётга муҳаббат шоирани Ўрта Осиё Давлат университети (ҳозирги Тошкент Давлат дорилфунуни)нинг филология факултетига етаклаган бўлса не ажаб. Унинг «Қизингиз ёзди» (1948), «Янги шеърлар» (1950), «Гуллар водийси» (1954), «Қизларжон», «Бир йил ўйлари» (1967) шеърий тўпламлари китобхонлар меҳрига сазовор бўлган.
Саида Зуннунова насрда ҳам сермаҳсул ижод этган адибадир. Унинг «Гулбаҳор» (1956) ҳикоялар тўплами «Олов» (1962), «Одамлар орасида», «Кўчалар чароғон» (1965), «Бўйларингдан ўргилай» (1972), «Директор» каби асарларини хотин-қизлар тақдирини ёритган нодир асарлардир.
У Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг турмуш ҳамроҳи, севимли рафиқаси эди. Уларнинг ёлғиз қизлари бор.
Ижодкор айни камолот ёшида 1977 йил 51 ёшида оғир хасталикдан бевақт вафот топди.