Таъкидланишича, соҳада истеъдодларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида театр, кино, рақс, опера, фольклор, эстрада, академик ва миллий чолғу, тасвирий ҳамда амалий санъат каби 21 та йўналиш бўйича ижодий бирлашмалар ташкил этилади.
Янги тизимга кўра, ижодий бирлашмаларга тажрибали устоз ижодкорлар ҳамда вазирлар ва компания раҳбарлари ҳамраислик қилади. Ушбу механизм орқали ёш истеъдодларга касб сирлари ва саҳна маданияти ўргатилади, ҳудудлардаги маданият муассасалари ва ижодий жамоаларнинг муаммоларига ечим топилади.
Шунингдек, ҳар бир ижодий бирлашма кесимида маҳалла, туман, вилоят ва республика босқичларида танловлар ташкил этилади. Ғолиб ва совриндорларни гастроль сафарлари, фестиваллар ҳамда халқаро танловларда иштирок этиши учун қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади.
Президент мазкур ташаббуслар мамлакатда ижодий муҳитни янада ривожлантириш, ёшларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ва миллий маданият ҳамда санъат тараққиётига хизмат қилишини таъкидлади.















