Light | 00:44 / 06.03.2018
8837
7 дақиқада ўқилади

"Қўлим нечта экани муҳим эмас, мен тайёрман": бир қўлли футболчи МФЛга чиқмоқчи

Март ойида АҚШда Миллий футбол лигаси (МФЛ)нинг драфт-комбайни, яъни Америка футболи бўйича профессионал ўйинчи бўлишни истаган янги номзодларни кўздан кечириш жараёни бўлиб ўтади. Жамоалар салоҳиятли юлдузларни излашмоқда, ёш спортчилар эса рақиблар фонида ажралиб туришга ҳаракат қилишади.

2018 йилда ана шундай ҳодисанинг бош қаҳрамони - барча синовларда ишончли натижаларни кўрсатган 22 ёшли ҳимоячи Шакем Гриффин бўлди. МФЛ вакиллари фақат бир сабабга кўра уни ўз сафларига чақиришга шошилишмаяпти: унинг бир кафти йўқ. Бироқ Гриффин бор кучи билан профессионал спортга киришга ва минглаб болаларга ибрат бўлишга ҳаракат қилмоқда.

Фото NFL

Гриффин 4 ёшида қўлидан жудо бўлган

Шакем Гриффин 1995 йилда Сент-Питерсберг (Флорида штати)да дунёга келган. Эгизак акаси Шакилдан фарқли ўлароқ, шифокорлар унда ноёб дефектни аниқлашди, унинг қўлига тегиш чидаб бўлмас даражадаги оғриқларни келтириб чиқарарди.

1999 йилда Гриффиннинг онаси Тенжи даҳшатли қичқириқдан уйғонди. Ошхонага бориб не кўз билан қарасаки, Шакемнинг қўли қонга беланганди...

"Ойи, бошқа чидай олмайман, қаттиқ оғрияпти", - дея бақирарди у. Эртасига жарроҳлар боланинг чап қўлини ампутация қилишди. Операциядан кейин онаси унга футбол ҳақида ҳатто ўйлашни ҳам тақиқлади. Бироқ ишдан қайтганидан сўнг қонга беланган бинтлар ва америкача футбол тўпи билан жилмайиб турган Шакемни кўрарди.

Спортчининг хотирлашича, отаси Терри ўғли штанга кўтариши, ердан тортилиши ва бошқа жисмоний машқларни бажариши учун махсус мосламалар ясаб берарди. Шу билан бирга, Терри Гриффин Шакемга атайин мураккаб "пас"лар бериб, у билан америкача футбол ўйнарди. "Бир қўлимни қўллашни ўрганишдан олдин тўпни икки марта юзим билан илиб олдим", - дейди футболчи.

Фото The Players Tribune

У университет юлдузига айланди

Шакил ва Шакем профессионал футболчи бўлиш ҳақида орзу қилишган. Бундан аввал иккиси ҳам коллежга кириши керак бўлган, шу боис ака-ука университетлардан таклифлар кутишган. Бироқ биринчиси етакчи юлдуз ҳисобланган бўлса, иккинчисини ампутация қилинган кафти сабаб ҳеч қаерга олишни исташмасди.

Марказий Флорида университети мураббийи Жорж О’Лири иккисини ҳам жамоага таклиф қилди. Шакил биринчи мавсумни асосий таркибда ўтказди, Шакем эса деярли майдонга чиқмади. Бироқ муваффақиятсиз чемпионатдан кейин О’Лири ўз лавозимини тарк этди, янги мураббий эса бир кафти бўлмаган спортчига имкон берди.

2016 йилда Шакем Гриффин йилнинг энг яхши ҳимоячиси дея тан олинди. У бир ўйинда соғлом қўлини синдириб олиб, гипсда ўйнаган, бироқ шунда ҳам рақиб ўйинчиларни ер тишлатган. "Мен бутун ҳаётим давомида бир қўлимда ўйнаганман, қўлсиз ҳам - у қадар қийин эмас", - дейди футболчи. 2017 йилда Шакил Гриффинни МФЛга таклиф қилишди, Шакем эса яна бир йилга университетда қолди.

First & Goal

МФЛ жамоалари унга ишонишмаганди

Талабалар лигасидаги муваффақиятига қарамай, америкача футбол бўйича профессионал жамоалар вакиллари бир кафти бўлмаган спортчига имкон бериш ё бермасликка шубҳа қилишди. 2018 йилнинг январида энг яхши талабаларга драфт-комбайнга таклифлар йўллашди — Шакем Гриффин рўйхатга киритилмади.

Таъкидлаш жоизки, лига қоидаларида қўлсиз ўйнашни тақиқловчи пункт йўқ. Ягона чеклов - бошқа футболчиларга зиёни тегиши мумкин бўлган протездан фойдаланиш мумкин эмас.

"Ёдимда, болалигимда мураббий менга футболни фақат икки қўл билангина ўйнаш мумкинлигини айтган. Мен футбол қоидаларига доир барча маълумотларни ўқиб чиқдим, бироқ ҳеч қаерда икки қўл билан боғлиқ жойини топа олмадим. Менга доим бир қўл билан ҳеч нимага эриша олмаслигимни айтишади. Мен эса яна ва яна қўлим нечталиги аҳамиятсиз эканини исботлашга тайёрман. Мен футбол ўйнаш учун шайман".

Шакем Гриффин, футболчи

Мухлислар норозилигидан кейин охир-оқибат Шакемга таклиф билдирилди. Бироқ МФЛ экспертлари у профессионал футболчи бўла олмаслиги, бўлган тақдирда ҳам анчагача захирада ўтиришига доир хулосага келишди.

Фото SI

Гриффин синовларда барчани ҳайратда қолдирди

2018 йилнинг мартида драфт-комбайн бошланди: унга футбол жамоалари вакиллари, скаутлар ва журналистлар ташриф буюришади, нормативларни топшириш жараёни эса телевидение орқали намойиш этилади.

Илк синовлардан бири 102 килограммли штангани кўтариш бўлди. Шакем кафтига протезини қўйиб, штангани 20 марта кўтаришнинг уддасидан чиқди.

Яна бир синов - 40 ярд (36 метр)га югуриш. Бир кафти бўлмаган ўйинчи бу масофани 4,38 сонияда босиб ўтди ва сўнгги 15 йилда ўз позициясидаги энг тезкор футболчи эканини намойиш қилди.

Скаутлар съездидаги муваффақиятли иштирок Гриффиннинг МФЛга кириш имконини оширди. Уни лига юлдузлари қўллаб-қувватлашди, баъзи менежерлар эса учрашув белгилашди. Шундай клублардан бири - Шакил Гриффин икки мавсумдан бири ўйнайдиган «Сиэтл Сихокс». МФЛ драфти (ўйинчиларни саралаш жараёни) 2018 йилнинг 26 апрелида бўлиб ўтади.

Sports.ru

У МФЛ жамоаларига очиқ хат ёзди

Скаутлар съездидан олдин Шакем The Players Tribune нашри орқали америкача футбол жамоалари менежерларига хат ёзди. Гриффин илк мураббийлари унинг америкача футбол ўйнашига йўл қўйишмагани, чунки "спорт - икки қўлли одамлар учун" эканини ёдга олди. Коллежнинг сўнгги йилида машғулотлардан чалғимаслик учун футбол майдонидаги ҳаво тўлдирилган матрасда ухлаганини хотирлади.

Футболчи тўғридан-тўғри лигага мурожаат қилди: "Агар сиз МФЛ бош менежери бўлсангиз ва менга ишонсангиз, сизга шунчаки раҳмат демоқчиман, чунки мен сиз ҳақ эканингизни исботлайман. Агар ишонмасангиз, унда ҳам ташаккур. Шу туфайли мен янада яхши бўлишга ҳаракат қиламан".

"Менга туғма нуқсонлари бўлган барча қиз ва ўғил болаларнинг ўз миллати бордек туюлади.... Биз бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз керак, чунки бу дунёда ҳар бир инсон нимага қодирлигини кўрсатишга лойиқ ва бунга жавобан нимадир қўлидан келмаслигини эшитмаслиги керак".

Шакем Гриффин, футболчи

Шакемнинг сўзларига кўра, кўп одамлар доимо ўзларини арзимаган нарсалар билан оқлашга ҳаракат қилишади ва охир-оқибат ўз мақсадларидан узоқлашишади. Бироқ у охиригача боришга ва бир қўл билан бўлса-да, профессионал футболчи бўлишга тайёр.

Мавзуга оид