Ашаддий жиноятчи оиласида туғилиб, ёшлигида қаровсиз қолган болаларнинг аксарияти ўзи тушиб қолган муҳитдан чиқиб кета олмайди ва жиноят содир этишга мойил бўлиб улғаяди.

Бироқ гарчи жиноят олами билан ёнма-ён яшаса ҳам фавқулодда истеъдоди ёки бошқа сабаблар билан муваффақият қозонган инсонлар ҳам етарлича бор. АҚШлик Майкл Оэр ана шундайлардан бири ҳисобланади.

Майклнинг отаси ашаддий жиноятчи, онаси эса гиёҳванд моддалар истеъмолига ружу қўйган, ўзи эса кўча дайдиси эди. Шундай бўлса ҳам у жиноят кўчасига кириб кетмайди. Истеъдоди орқали АҚШдаги машҳур спортчилардан бирига айланади ва миллионлаб доллар маблағ ишлаб топади.

2009 йилда Майкл Оэр америкача футбол лигасида қатнашаётган «Балтимор Рэйвенс» жамоаси билан шартнома имзолайди. Шартномада у беш йил давомида жамоадан 13,8 миллион доллар маош олиши белгиланганди. Жиноятчилик авж олган муҳитда, оғир шароитда қорни нонга тўймай ўсган қора танли йигитнинг бундай натижага эришиши жуда катта муваффақият эди.

Оғир ўтган болалик ва америкача футбол

Майкл Оэр 1986 йил 28 майда Теннеси штатидаги Мемфис шаҳрида кўп болали оилада туғилади. У оилада ўн иккинчи фарзанд эди.

Майклнинг отаси ашаддий жиноятчи бўлиб, кўп вақтини қамоқхонада ўтказар, онаси эса маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилишга берилиб қолганди.

Оиладаги бундай ҳолат туфайли Майкл ва унинг ака-укалари, опа-сингиллари доимий равишда қаровсиз қолишарди. Улар мактабга ҳам боришмас, вақтлари асосан кўчада ўтарди.

Майклнинг ўзлаштириши жуда ёмон бўлиб, биринчи ва иккинчи синфларни икки йилдан ўқиганди. Мактаб директорлари Майклни ўз мактабида кўришни хоҳламас, шу сабабли у тўққиз йилда ўн бир марта мактаб алмаштиради.

Гарчи Майкл жуда ёмон муҳитда туғилиб улғайган бўлса ҳам у на маст қилувчи ичимликлар, на гиёҳванд моддалар истеъмол қилишга ружу қўймайди. Ана шу омил уни жиноят оламига кириб кетишдан сақлаб қолади.

Мактабнинг юқори синфида ўқиб юрганида Майклнинг отасини қамоқхонада ўлдиришади. Ўша пайтларда унга турли оилалар бир неча бор бошпана беришади.

Бироқ Майкл уларнинг биронтасида узоқ вақт қолмайди. Характерларнинг тўғри келмаслиги ва боланинг ўқишни хоҳламаслиги ортидан уни ҳеч бир оила фарзандликка қабул қилмасди.