Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшувчи тадбиркорлар қандай имтиёзларга эга?
Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш масалаларига жуда катта эътибор қаратилиб, мамлакатни сайёҳлар учун жозибадорлигини ошириш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Шундай бўлса-да, бу жараёнда нафақат давлат сектори, балки хусусий секторнинг ҳам фаол иштироки зарурдир. Зеро Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги ПҚ-3514-сонли “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, туризмни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшувчи тадбиркорлар ва ишбилармонлар учун қатор имтиёзлар яратилмоқда. Хўш, соҳага ўз ҳиссасини қўшиш истагини билдирувчи тадбиркорлар қандай имтиёзларга эга?
1) Қуйидаги суммалар учун солиқ солинадиган базани камайтириш тартиби тасдиқланади:
- 100 миллион сўмгача — хўжалик юритувчи субъектларнинг 2020 йилнинг 1 январига қадар санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган замонавий санитария-гигиена тармоқларини қайта тиклаш, капитал таъмирлаш ва қуришга йўналтирилган харажатлари;
- 12 миллион сўмгача — ҳар йили 2025 йилнинг 1 январига қадар хўжалик юритувчи субъектларнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган санитария-гигиена тармоқларини (фаррошлар иш ҳақи, гигиена, тозалаш ва ювиш воситаларини сотиб олиш, коммунал харажатларни тўлаш), туризм инфратузилмаси объектларини (тарихий ва меъморий ёдгорликлар, музейлар, театрлар, маданият уйлари, умумий овқатланиш пунктлари, хизмат кўрсатиш объектлари, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, автомобиллар учун вақтинча тўхташ жойлари, йўлбўйи инфратузилмасининг сервис хизматлар кўрсатиладиган ҳудудлари, бозорлар, расталар, дўконлар ва одамлар гавжум бўладиган бошқа жойларни) сақлашга йўналтирилган харажатлари.
- Замонавий санитария-гигиена тармоқларини яратиш лойиҳаларини амалга оширадиган тадбиркорлик субъектлари ва салоҳиятли инвесторларга шаҳарлар ва туманларнинг тегишли қисмларида реклама ва ихчам савдо нуқталари учун жойлар тақдим этилади.
2) Ўзбекистоннинг диққатга сазовор масканлари, сайёҳлар кўп ташриф буюрувчи ҳудудларни бепул Wi-Fi тизими билан таъминлаганлар учун ҳам муайян имтиёзлар бор. Масалан, улар ўзлари Wi-Fi тизимини тақдим этган, одамлар кўп ташриф буюрувчи ҳудудда ўз рекламаларини бепул жойлашлари мумкин бўлади.
3) 2018 йил 10 февралдан бошлаб 3 йил муддатга қуйидаги тартиб жорий этилди:
- иш берувчининг туризм соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субъектлардан ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун республика бўйлаб туристик йўлланмаларни сотиб олиш харажатлари ходимнинг даромади сифатида кўриб чиқилмайди ҳамда юридик шахсдан олинадиган фойда солиғини ҳисоблаб чиқишда чегириб қолинади;
- жисмоний шахсларнинг солиққа тортиладиган даромадлари Ўзбекистон Республикаси бўйлаб туристик йўлланмаларни туризм соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субъектлардан сотиб олишга йўналтирилган харажатлар суммасига камайтирилади. Бунда туристик йўлланма (айирбошланадиган ваучер), авиа ва темир йўл чипталари, автотранспорт ташкилотларининг ҳисоб-фактуралари (чипталари) ва жойлаштириш воситалари чеклари тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади;
- туризм соҳасида фаолият кўрсатадиган субъектларнинг солиқ солинадиган базаси Ўзбекистон туризм бренди ва «Uzbekistan.travel» сайти рекламаси бўлган босма маҳсулотларни (хариталар, рисолалар, буклетлар, флайерлар ва бошқалар), сувенир ва қадоқлаш маҳсулотларини (сумкалар, пакетлар, мактаб дафтарлари, ёрлиқлар, ғилофлар, кийим-кечаклардаги ва ошхона анжомларидаги ёзувлар) тайёрлаш ва чоп этишга йўналтириладиган харажатлар суммасига камайтирилади.
4) Туристларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар учун қуйидаги енгилликлар белгилаб қўйилди:
- туризм объектлари (меъморий ёдгорликлар ва бошқалар) ҳамда инфратузилмаси (меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситалари, туристик йўналишлар ва бошқалар) жойлашган жойларнинг белги-ишоралари ва кўрсаткичларини ўз ичига олган тематик туристик хариталар ададини кўпайтириш ва уларни тарқатишга картография ишларини амалга ошириш учун лицензия (рухсатнома) олиниши талаб этилмайди;
- туристларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар (давлат музейлари, галереялар, маданий мерос объектлари ва қўриқланадиган табиий ҳудудлар маъмуриятлари ва бошқалар) ўз фаолиятидан тушадиган тушумларнинг камида 5 фоизини ўз фаолияти ҳамда тақдим этаётган туризм хизматлари баён этилган реклама-тарқатиш материалларини ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрлаш ва ададини кўпайтириш учун мажбурий тартибда йўналтиради. Бунда ушбу мақсадларга йўналтирилган харажатлар суммаси бу ташкилотларнинг солиққа тортиладиган базасидан чиқариб ташланади.
5) Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан танлаб олинган фойдаланилмаётган ер участкаларида 2018-2022 йилларда туризм инфратузилмасини ташкил этиш доирасидаги харажатлар:
- янги лойиҳалар (макетлар)нинг дизайн-эскизларини ишлаб чиқиш учун — бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг маблағлари;
- муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишга рухсат берувчи ҳужжатларни олиш учун — тегишли туманлар (шаҳарлар) маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан қопланиши белгилаб қўйилсин.
6) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги ПФ-5326-сонли “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ:
- Асосий фаолият тури тематик хиёбонлар хизматларини ташкил қилиш бўлган юридик шахслар улар томонидан тематик хиёбонлар фойдаланишга топширилган кундан эътиборан 3 йил муддатга – юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғи, шунингдек, ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этилади;
- 2022 йилнинг 1 январига қадар тематик хиёбонлар, меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларини қуриш, қайта таъмирлаш ва жихозлаш учун Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, техника, хом ашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, қурилиш ва бошқа материалларни олиб кириш учун божхона тўловларини тўлашдан, шунингдек, ҳайдовчи билан биргаликда 8 ва ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган туризм тоифасига оид транспорт воситалари Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилаётганда божхона тўловларини тўлашдан озод этилади;
- 2018 йилнинг 1 январидан эътиборан туризм соҳасида фаолият юритувчи субъектларнинг солиққа солинадиган базаси электрон хизматларни, жумладан, электрон тўловлар, онлайн брон (банд) қилиш, эквайринг ва бошқа хизматларни, шунингдек, туризм хизматларининг замонавий турларини таклиф қилувчи ихтисослаштирилган интернет-сайтлар ва порталларни йўлга қўйишга йўналтирилган ҳаражатлар миқдорига камайтирилиши белгилаб қўйилган.
7) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги ПҚ-3509-сонли “Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб унга кўра:
- туристлар учун йўналишни мўлжалга олишни енгиллаштириш мақсадида чет тилларидаги (инглиз, рус ва бошқа тилларда) кўрсаткичларни ўрнатиш ташаббуси билан чиққан хўжалик юритувчи субъектларга ушбу кўрсаткичларда улар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар (хизматлар ва ишлар)нинг рекламасини жойлаштириш ҳуқуқи берилади, бунда реклама соҳасига оид қонунчилик талабларига риоя қилиниши таъминланган ҳолда жойлаштирилаётган рекламанинг умумий майдони кўрсаткич майдонининг 40 фоизидан кўп бўлмаслиги лозим.
Шундай экан, ўз ватанингиз туризмини ривожлантиришга ҳисса қўшинг ва шу билан бирга, корхонангиз номини кенг оммага танитинг. Бу билан сиз ҳам ўз бизнесингиз, ҳам мамлакатингиз иқтисодиёти ривожига улкан ҳисса қўшган бўласиз. Чунки буларнинг бари бир-бирига чамбарчас боғлиқдир, яъни туризм ривожланса, Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар оқими кўпаяди ва табиийки, мамлакат иқтисодиёти ривожланади. Бироқ туризмни ривожлантириш учун инфратузилмани такомиллаштириш, ҳожатхоналар ҳолатини яхшилаш, уларни сон ва сифат жиҳатидан кўпайтириш, сайёҳлар кўп келувчи жойларда бепул Wi-Fi тизимини жорий қилиш, тарғибот ишларини жадаллаштириш каби қатор ишларни амалга ошириш лозим бўлади. Бунда эса давлат-хусусий сектор биргаликда ҳаракат қилсагина, жараён жадаллашади. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бу борада барча тадбиркорлар учун очиқ ва улардан шунга доир таклифларни кутиб қолади.
Мурожаат учун телефонлар:
Call centre: 200 00 88;
Туризм қўмитаси таҳлил бошқармаси: 236 77 26; 233 47 52;
Юридик бошқарма: 233 84 62; +99897 155 12 89
Мавзуга оид
17:59 / 24.06.2026
638 млн сўм - Ўзбекистондан ўтувчи ҳашаматли поездга чипта савдоси очилди
12:02 / 18.06.2026
“Шовқин ва чангдан зада бўлдик” – портлатиш ишлари туризм қишлоғига тинчлик бермаяпти
18:31 / 09.06.2026
АҚШ сайёҳлик ва бизнес визалари учун тезкор суҳбат бўйича пуллик хизматни йўлга қўяди
22:50 / 03.06.2026