Адлия вазирлиги солиқ ҳисоботи шаклларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга оид идоравий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат 2026 йил 5 ноябрда 3221-10-сон билан рўйхатга олинган.
Ҳужжатга мувофиқ, маънан эскирган айрим талаблар бекор қилинди.
Хусусан, солиқ даври тугаганидан кейинги ойнинг 15-кунига қадар товарлар ва хизматлар бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестрларини қоғозга чиқариш, варақларини рақамлаш, тикиш ва муҳрлаш талаби бекор қилинди.
Шунингдек, электрон шаклда юритиладиган реестрларнинг қўшимча варақларини чоп этиб, тегишли солиқ даври реестрларига илова қилиш мажбурияти ҳам олиб ташланди.
Айрим тадбиркорлар учун солиқ ҳисоблашнинг соддалаштирилган тартиби бўйича ҳисобот шакллари ҳам тасдиқланди.
Ушбу шаклларни тақдим этиш орқали асосий фаолияти умумий овқатланиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш бўлган тадбиркорлик субъектларига белгиланган шартлар асосида қуйидаги ставкалар қўлланиши мумкин:
- Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) — 6 фоиз. Бу ставка товарлар ва хизматларни реализация қилиш бўйича барча айланмаларга нисбатан қўлланади.
- Фойда солиғи — 0 фоиз.
Бундан ташқари, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ҳисоботи шаклига «Солиқ солинадиган база» ва «Самарасиз фойдаланишдаги ерлар» бўлимлари қўшилди.









