Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Очилбой Раматов Остонада. Ўзбекистон ва Қозоғистон товар айланмасини 5 млрд долларга етказмоқчи
14 март куни Остона шаҳрида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссия мажлиси бўлиб ўтди. Унда комиссия ҳамраислари - Қозоғистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Мамин ва Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов иштирок этди.
Қозоғистон ҳукумати матбуот хизматининг хабар беришича, улар ўтган йили икки томонлама ҳамкорлик учун муваффақиятли бўлгани ва бунда ҳукуматларга савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича чора-тадбирлар кўришга кўрсатма берган Қозоғистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарининг муҳим ўрни борлигини таъкидлаб ўтишган.
Томонлар ўзаро савдо айланмасининг юқори динамикасини қайд этганлар. 2017 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси 2 миллиард долларни ташкил қилди, бу 2016 йилга нисбатан 31,2 фоизга кўпдир. Қозоғистондан Ўзбекистонга экспорт қилиш 2017 йилда 35 фоизга ўсиб, 1,3 миллиард долларни ташкил этди, Қозоғистонга эса Ўзбекистондан импорт ҳажми 25,1 фоизга ошиб, 735,2 миллион долларни ташкил этди.
«Биз ўзаро савдо соҳасида барқарор ижобий динамикани қўллаб-қувватлаймиз. Товар айирбошлаш ҳажмини янада кўпайтириш ва кенгайтириш ўзаро савдо ҳажмини оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари, биз 2017 йилда имзоланган савдо шартномалари ва битимларини ўз вақтида амалга оширишимиз керак», - деди О.Раматов.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланиш динамикасини ҳисобга олган ҳолда, томонлар товар айирбошлаш ҳажмини 2018 йилда 3 миллиард доллар ва 2020 йилгача 5 миллиард долларгача ошириш бўйича тегишли чора-тадбирларни кўришга келишиб олдилар.
Уларнинг сўзларига кўра, ишбилармон доиралар ва инвестицияларнинг ўзаро ҳамкорлиги икки томонлама ҳамкорликда муҳим роль ўйнайди. Ўтган йил мобайнида иккита йирик бизнес-форум бўлиб ўтди, 1 миллиард доллардан зиёд савдо битимлари имзоланди. Озиқ-овқат маҳсулотлари, нефть-кимё ва кимё соҳасида қўшма корхоналар (4 та савдо уйлари) фаолият кўрсатмоқда. Фармацевтика саноати бўйича савдо уйи таъсис ҳужжатлари тасдиқланди.
А.Мамин Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг ўтказилишига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, иқтисодиёт, сайёҳлик, маданий-гуманитар соҳаларда 200 дан ортиқ тадбирлар режалаштирилган.
Учрашув якунида Қозоғистонда Ўзбекистон йилини ўтказиш бўйича баённома ва тадбирлар режаси, қатор савдо-иқтисодий келишувлар имзоланди.
Мавзуга оид
17:48 / 03.12.2025
Гулистондаги портлаш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди
17:44 / 02.10.2025
Telegram Қозоғистонда офисини очди
10:00 / 30.09.2025
Бахтиёр Саидов Қозоғистоннинг янги ташқи ишлар вазирини табриклади
23:09 / 29.09.2025