Жамият | 17:42 / 19.03.2018
11937
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида 150дан ортиқ таниқли тадбиркор иштирокида махсус тадбир ўтказилди

Жорий йилнинг 10 март куни Тошкент вилояти ҳокимлиги биносида хорижий ва маҳаллий тадбиркорлар ҳамда сармоядорлар иштирокида махсус тадбир бўлиб ўтди. Унда Германия, Чехия, Болгария, Россия, Қозоғистон, Украина, Беларуcь Республикаси, бошқа қатор давлатлардан 150дан ортиқ тадбиркорлар қатнашди.

Бундан ташқари, тадбирга қатор маҳаллий тадбиркорлар ҳам ташриф буюришди. Йиғилишдан мақсад Ўзбекистондаги қатор соҳаларни ривожлантириш учун хорижий инвесторларни жалб этиш ҳисобланади. Қайд этиш лозимки, ушбу тадбиркорларнинг аксарияти академик Мирзакарим Норбековнинг шогирдлари ҳисобланади.

Очиқ мулоқот давомида Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимов ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакиллари сўзга чиқишди. Улар мамлакатимизда қулай инвестицион муҳит яратилгани ва илгари мавжуд бўлган тўсиқлар олиб ташлангани ҳақида тўхталиб ўтишди. Қатор бизнес вакиллари эса ўз ғоялари билан ҳам ўртоқлашди:

Константин (Россия Федерацияси):Бу ерда уяли алоқа компаниясини ташкил этиб, фойдаланувчиларга арзон ва сифатли интернетни таъминлаб бериш ниятидаман. Шу билан бир қаторда, ахборот технологияларини жадаллаштиришга хизмат қилувчи бир қанча лойиҳаларимиз бор.

Андрей (Росиия Федерацияси): Москва вилоятида асаларичилик билан шуғулланаман. Ўзбекистонда ушбу фаолият тури билан шуғулланиш учун қулай ҳудудлар кўп ва бу ерда асалнинг ноёб турлари мавжуд. Мақсадим - маҳаллий фермерлар билан ҳамкорлик қилиш ҳамда соҳани янада ривожлантириш. Кейинчалик асал ва асал маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиш ниятимиз бор.

Александр (Беларусь Республикаси): Юртингизда эгилувчан қувурлар ва полиэтилен ишлаб чиқарувчи завод қурмоқчимиз. Ўрта Осиё мамлакатларида бундай корхоналар мавжуд эмас. Агар лойиҳани амалга оширсак, қўшни мамлакатларга ҳам экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.

Мирзакарим Норбеков клубига аъзо бўлган бошқа тадбиркорлар ҳамда сармоядорлар иштирокида бўлиб ўтган тадбирда бошқа таклифлар ҳам билдирилди. Уларнинг айримлари ҳокимлик томонидан маъқулланиб, ҳаётга татбиқ қилиш тўғрисида ўзаро икки томонлама келишувга эришилди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид