Тошкент вилояти ҳокими қарорига кўра, кўчириладиган қабристонларнинг иккитаси Қуйи Чирчиқ, бештаси Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган.

Улар: Қуйи Чирчиқ туманидаги Сергели маҳалласида жойлашган «Сергели болалар» ва «Корейс» қабристони, Ўрта Чирчиқ туманидаги Янгийўл маҳалласи ҳудудида жойлашган «Сувон бағиш» ва «Қудойқул» мусулмон қабристонлари, «Қудойқул» ва «Сариқтепа» корейс қабристонлари ҳамда «Борис» рус христиан қабристони.

Қайд этилишича, ушбу қабристонларда дафн ишлари узоқ йиллар аввал тўхтатилган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2026 йил 10 апрелда бу бўйича хулоса берган. Унга кўра, марҳумлар жасадлари тупроққа айланган бўлиши эҳтимоли мавжуд қабристон ҳудудларидан белгиланган тартибда фойдаланиш мумкин.

Қабрлар очилганда суяк қолдиқлари аниқланса, улар эҳтиёткорлик билан йиғилиб, бошқа қабристонларга қайта дафн этилади. Кўчириш ишлари санитария-эпидемиология, экологик, архитектура, диний ва жамоатчилик талабларига риоя қилган ҳолда олиб борилади.

Қарорда қабрлар қайси қабристонларга кўчирилиши ҳам белгиланган:

«Сергели болалар» қабристонидан эксгумация қилинган қабрлар «Шардара» қабристонига, «Корейс» қабристонидан эксгумация қилинган қабрлар Сергели маҳалласидаги рус-корейс қабристонига кўчирилади.

«Сувон бағиш» ва «Қудойқул» мусулмон қабристонларидан эксгумация қилинган қабрлар Янгийўл маҳалласидаги «Зайнаб она» қабристонига қайта дафн этилади.

«Қудойқул» ва «Сариктепа» корейс қабристонлари ҳамда «Борис» рус христиан қабристонидан эксгумация қилинган қабрлар эса Тараққиёт маҳалласидаги корейс қабристонига кўчирилади.

Қайта дафн қилиш ишлари диний урф-одатларга мувофиқ амалга оширилиши белгиланган.