Тошкент вилоятида фирибгарлик йўли билан фуқароларнинг мулкий ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига кўп миқдорда зарар етказган шахс фаолияти фош этилди. У одамларга қарз бериб, улардан 10 баробар кўп суммага тилхатлар ёздириб олиш орқали фирибгарлик билан шуғулланиб келган.
Вилоят ИИББ хабарига кўра, 1978 йилда Олмалиқ шаҳрида туғилган Ким Павел Леонидович кўплаб фуқароларга молиявий ёрдам сифатида ўз ҳисобидан пул маблағларини қарзга бериб, ўзининг кафолати сифатида мижозлардан, қарзга берган пулларидан 10 баробар кўп миқдорда пул олгани ҳақида тилхат ёздириб олишга эришган.
Жабрланувчи фуқаролардан келиб тушган мурожаат мазмунига кўра, Ким Павел Леонидович фуқарога 1 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни қарз сифатида беради ва 10 минг АҚШ доллари олгани ҳақида тилхат ёздириб олади.
Орадан бироз вақт ўтгач, у фуқарога берган пуллардан 10 баробар кўп миқдорда кўрсатилган тилхат билан фуқаролик судларига мурожаат қилиш орқали ҳал қилув қарорини чиқаради.
Шу тариқа, ушбу шахс жабрланувчиларнинг ҳар ойлик иш ҳақини ўз манфаати учун фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига кўп миқдорда зарар етказган.
Жиноят иши доирасида Ким Павелга тегишли яшаш хонадони ҳамда иш офиси ўрганилганда, фуқароларга тегишли 100 га яқин тилхат, кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни берувчи 55 та уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари, 1 дона пневматик қурол, шунингдек, Мажбурий ижро бюросининг 50 га яқин фуқародан пул ундириш тўғридаги ҳужжатлари борлиги аниқланди.

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан ҳозирга қадар Ким Павел Леонидовичдан жабр кўган 65 нафар фуқаронинг аризалари қабул қилинди.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан ушбу шахсга нисбатан, Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик), 188-моддаси 1-қисми, ҳамда 205-моддаси 2-қисми «а» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган. Суд қарори билан унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.











