Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
1 ноябрга қадар узлуксиз режимда ишлайдиган автоматлаштирилган валюта алмаштириш пунктлари ташкил этилади – МБ
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг навбатдаги кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда МБ ахборот хизмати хабар қилмоқда.
Ўзбекистон банклари Ассоциациясида бўлиб ўтган мажлисда мамлакат банк тизими ходимлари давлат раҳбарининг шу йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш масалалари муҳокама этилди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон банклари Ассоциацияси, тижорат банклари, Бош прокуратура ва Президент девонининг масъул раҳбарлари иштирок этди.
Марказий банк раиси М.Нурмуратов ушбу қарор банк тизимидаги ислоҳотлар изчиллигини таъминлашга қаратилганига тўхталар экан, “қарорнинг ҳар бир бандида ва тижорат банкларининг “йўл хариталари”да белгиланган чора-тадбирлар банкларнинг барча филиаллари фаолиятида ўз аксини топиши ва энг асосийси, бу ўзгаришларни халқ ва тадбиркорлар амалда кўриши лозим”, дея таъкидлади.
Таъкидландики, банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида хизмат кўрсатишнинг бозор механизмлари жорий қилинмоқда, тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли кенг қатламига мақбул келадиган молиявий хизматлар турлари кенгайиб бормоқда.
Шу билан бирга банк хизматлари истеъмолчиларининг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларига риоя қилиш, молиявий хизматлар оммабоплигини таъминлаш, айниқса хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш ва банк тизимга бўлган ишончни янада юқори даражага олиб чиқишда бирмунча муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда.
Мажлисда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган ушбу нуқсонлар бирма-бир санаб ўтилди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштириш ва инновацион ривожланишнинг замонавий тенденцияларини эътиборга олиб, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун Марказий банк томонидан изчил чоралар кўрилмоқда.
Мажлисда тижорат банкларига илғор халқаро банк амалиётини чуқур ўрганиш асосида мунтазам равишда янги замонавий хизмат турларини жорий этиш, ҳудудларда, айниқса чекка туманларда аҳолининг банк хизматларига бўлган талабидан келиб чиқиб, банк филиаллари, мини-банклари тармоғини кенгайтириб бориш, филиалларнинг мижозларга кредит ажратиш бўйича бош банкнинг аралашувисиз қарор қабул қилиш ваколатларини ошириш тавсия этилди.
Шу билан бирга тижорат банклари:
- банкларга ташриф буюрувчилар хизматлар тўғрисида маълумот олиш, маслаҳат сўраш, хизматлардан фойдаланиш учун банк биносига рухсатномасиз ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмасдан кира олиши учун шароит яратишлари;
- кредит (микрозаём) аризаларини очиқ рўйхатга олиш ва уларни кўриб чиқиш жараёнининг кетма-кетлигини аниқ белгилаш, натижалари бўйича мижозга кредит (микрозаём) ажратиш ёки ажратмаслик тўғрисида асослантирувчи маълумот юбориш тартибини тасдиқлашлари;
- кредит ажратишда мижозларга “кредитнинг тўлиқ қиймати”, кредит бериш ва унга хизмат кўрсатиш (қайтариш) билан боғлиқ бўлган барча тўловлар тўғрисида олдиндан тўлиқ тушунтириш бериш тизимини йўлга қўйишлари;
- кўрсатилаётган барча хизмат турлари бўйича белгиланган тарифлар банкларнинг веб-сайтида жойлаштирилиши, шунингдек шартномаларда тегишли хизматлар бўйича белгиланган ҳақлар аниқ кўрсатилиб борилиши;
- микроқарз ажратиш ҳуқуқини бериш бўйича қонунга киритиладиган ўзгартиришлар кучга кириши билан банклар мижозларга камида 3 та микроқарз турини таклиф этишга тайёр бўлиши;
- кредитлашнинг қисқа муддатли, экспресс механизмларини йўлга қўйишлари зарурлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, қарор талаблари асосида Ўзбекистон банклари Ассоциациясига банклар фаолиятини такомиллаштириш ва банк хизматларининг оммабоплигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси юкланди.
Ушбу комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда тижорат банклари ҳам фаол иштирок этиши талаб этилди.
Мажлисда транзакцияларни амалга оширишнинг хавфсиз ва узлуксизлигини таъминлайдиган миллий чакана тўлов тизимини яратиш ва ривожлантириш, ижтимоий-маиший, транспорт, савдо, умумий овқатланиш соҳасида нақдсиз тўловларни амалга оширишда бевосита мулоқотсиз ва мобиль технологиялардан фойдаланган ҳолда инновацион маҳсулотларни ривожлантириш чоралари кўриб борилиши қайд этилди.
Жорий йилнинг 1 ноябрига қадар тижорат банклари билан биргаликда узлуксиз режимда ишлайдиган автоматлаштирилган валюта алмаштириш пунктларини ташкил этиш чоралари белгилаб олинди.
Бундан ташқари, тижорат банклари раҳбарларига тижорат банкларининг касса ва валюта алмаштириш билан боғлиқ фаолиятини оптимиллаштириш чораларини кўриш тавсия этилди.
Қарор талабларидан келиб чиқиб, кредит ташкилотларининг ҳар бир филиалида муомала маданияти, мижозларга бўладиган муносабатлар ўзгариши, банк ходимларининг аҳоли ва тадбиркорларга молиявий маслаҳатчи-кўмакчи бўлиш, давр талабига мос замонавий чакана хизмат турларини жорий қилиш, кредит муносабатларини тубдан қайта кўриб чиқиши лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, мажлисда банк тизими фаолиятини янада такомиллаштириш, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш борасида банк тизимига юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда ижро этилиши танқидий таҳлил қилиниб, йўл қўйилган хато ва камчиликларни зудлик билан бартараф этишга қаратилган зарур чоралар белгилаб олинди.
Мавзуга оид
19:21 / 16.06.2026
Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатидаги иштирокига бағишланган эсдалик тангалар сотувга чиқарилади
16:50 / 16.06.2026
“Асосий ставка таъсирчанлигини ошириш чораларини кўрамиз” – Ишметов
16:37 / 16.06.2026
Тимур Ишметов: 2027 йилда 5 фоизлик инфляция мақсадига эришиш йўлида жиддий хатарлар кўрмаяпмиз
11:05 / 16.06.2026