15 октябр куни Марказий банкда “Молиявий хизматларда комиссиялар: харажатлар, рақобат ва истеъмолчи манфаатлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда тижорат банклари, тўлов тизимлари, тўлов ташкилотлари ва ОАВ вакиллари қатнашди.

Комиссиялар юзасидан баҳслар билан бирга, учрашувда мижознинг бир банкка боғланиб қолишини камайтириш, пул ўтказишнинг муқобил усулларини ривожлантириш ва янги хизматларни ишга тушириш муддатлари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Ўз карталари ўртасида бепул ўтказма қачон ишлайди?

Иқтисодчи Отабек Бакиров жисмоний шахсларнинг ўзига тегишли банк карталари орасида комиссиясиз пул ўтказишини таъминлаш вазифаси қўйилганини эслатди. У бундай имконият банклар ўртасидаги рақобатга ҳам таъсир қилишини айтди.

“Бу давлат раҳбари томонидан 5 май 2026 йилда қўйилган вазифа. Ўқиб бераман: жисмоний шахсларнинг ўз банк карталари ўртасидаги пул ўтказмаларини тезкор тўловлар тизими доирасида комиссиясиз амалга ошириш, деб аниқ-тиниқ вазифа қўйилган. Нима учун ўз карталари орасидаги ўтказмаларни ноллаштиришни муҳим деб ҳисоблайман? Бу банклар ва тўлов ташкилотлари ўртасидаги рақобатни оширади”, — деди Бакиров.

Image
Марказий банк

Унинг фикрича, мижоз ўз маблағини банклар орасида қўшимча харажатсиз кўчира олса, ишончли ва қулай шартларни таклиф қиладиган банкларга ресурс жалб қилиш осонлашади. Қолган иштирокчилар ҳам мижозни сақлаб қолиш учун хизмат шартларини яхшилашга мажбур бўлади.

Марказий банк томонидан берилган жавобда тегишли ҳужжат Вазирлар Маҳкамасига киритилгани айтилди.

“Me-to-me бўйича топшириқ бўлган эди, деганингизга: бу хизмат доирасида фойдаланиш учун келган ҳужжат эди. Икки ҳафта муддат ичида Вазирлар Маҳкамасига киритилиши сўралган. Адашмасам, 11 ёки 12 кун ичида Вазирлар Маҳкамасига киритилган”, — дейилади МБ вакили.

Бироқ давра суҳбатида ушбу имкониятнинг мижозлар учун қачондан ишлаши бўйича аниқ сана айтилмади.

Бакиров янги хизматнинг инфратузилмасига ҳам эътибор қаратди. У ўз карталари орасидаги ўтказмаларни Марказий банк инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда ташкил қилиш тарафдори эканини билдирди.