Вазирлар Маҳкамасининг 18.03.2018 йилдаги 205-сон «Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди, деб ёзмоқда Norma.
 
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 10.10.2017 йилдаги ПҚ–3318-сон қарори билан томорқа ер участкаларидан фойдаланиш тартибини бузаётган ер эгаларига нисбатан қўлланиладиган чоралар белгиланган:

• ер солиғининг 3 баробар оширилган миқдори – якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларининг томорқа қисмида асоссиз равишда қишлоқ хўжалиги экинлари экмаган ёки уни ободонлаштирмаганда;
• ер участкасига бўлган ҳуқуқ бекор қилинади – деҳқон хўжалиги юритиш учун уй-жой қуриш ҳуқуқисиз берилган ер участкаларида қишлоқ хўжалиги экинлари экмаганда. 
 
Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган қарорда бундай ерлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида мазкур санкцияларни қўллаш механизмлари белгиланган.
 
1-босқич. Самарали фойдаланиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш
 
Туман ҳокимининг қарорига мувофиқ томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганиш бўйича туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг раиси бошчилигида ишчи гуруҳ ташкил этилади. Унинг таркибига мазкур кенгаш, шунингдек қуйидаги туман бўлинмалари вакиллари киради: қишлоқ хўжалиги бўлими, сув хўжалиги бўлими, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, касаба уюшмалари, хотин-қизлар қўмитаси, бандликка кўмаклашиш маркази, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгаш, давлат солиқ инспекцияси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ҳамда профилактика инспектори.
 
Ишчи гуруҳ ҳар йили хонадонма-хонадон юради. Томорқа ер участкалари майдонлари, тупроқ-иқлим шароити ва сув таъминотидан келиб чиқиб экин турлари, мевали дарахтлар тури ва сони, чорва моллари ва паррандалар сони, шунингдек, уларнинг йил давомида томорқа ер участкасида етиштириладиган маҳсулот турлари ва сотиш ҳажмлари ҳамда иссиқхона барпо этиш, чорва моллари ва парранда боқишга бўлган хоҳиш ўрганиб чиқилади.
 
Ўрганиш натижалари бўйича ишчи гуруҳ махсус шаклда маълумотнома тўлдиради, ўрганиш натижалари эса умумлаштирилади ва фуқаролар йиғини кесимида тайёрланган маълумотлар туман ҳокимига 10 февралгача тақдим этилади.