Ўзбекистонда расмийлар томонидан илгари сурилаётган углерод солиғи охир-оқибат якуний истеъмолчи учун нархлар ошишига олиб келиши мумкин. Солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов Kun.uz билан суҳбатда шу ҳақда айтиб ўтди.
“Углерод солиғи қўшимча солиқ сифатида жорий қилинса, тўғридан тўғри нархга таъсир қилади. Чунки у худди акциз солиғига ўхшаб, нарх устига тушади. Бунда солиқ миқдори: “Сен корхонадаги дастгоҳларинг билан табиатга қанча улгерод чиқарасан?” деган савол асосида ҳисоблаб чиқарилади. Табиийки, бу якуний истеъмолчи бўлган аҳолининг бўйнига тушади.
Лекин агар фақат ёқилғи-энергетика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга нисбатан жорий этилса, нархнинг бир қисмига қўшилади ва якуний истеъмолчига таъсири чекланган бўлади.
Шунинг учун эҳтиёткорона ёндашган бўлардим. Фақат ёқилғи-энергетика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга нисбатан татбиқ этиш мақсадга мувофиқ бўлиши мумкин. Чунки ёқилғи маҳсулотларидан хомашё сифатида фойдаланувчи корхоналарга ҳам жорий этилса, тўғридан тўғри ҳар бир маҳсулот нархига таъсир қилади”, — дейди солиқ маслаҳатчиси.
“Асосий мақсад — бюджетга тушум бўлмаслиги керак”
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, углерод солиғидан асосий мақсад бюджетга қўшимча тушум эмас, балки атроф-муҳитни ифлослантираётган корхоналарни экологик талабларга мослашишга ундаш бўлиши лозим.
“Углерод солиғини жорий қилишдан мақсад кимё саноати, иссиқлик станциялари, нефт ва газ маҳсулотларини қайта ишловчиларни технологик ўзгаришларга, экологик стандартларга яқинлашишга ундаш бўлиши керак, деб ўйлайман. Қўшимча бюджетга даромад тушириш эмас”, — деди у.
Иқтисодчининг таъкидлашича, солиқни жорий қилишдан олдин корхоналарнинг атроф-муҳитга таъсирини қандай ўлчаш ва баҳолаш масаласига жавоб берилиши керак.
“Углерод солиғини жорий қилиш учун адолатли маъмурчилик ёки баҳолаш тизимимиз мавжудми? Мисол учун, Ангрендаги кўмир ёқадиган иссиқлик электр станцияларини углерод солиғига тортишимизнинг ўлчови қандай? Муборакда, Шўртанда, Ғузорда жойлашган нефт ва газни қайта ишлаш компанияларининг табиатни ифлослантираётгани бўйича ўлчовлар қандай?
Мана шу ўлчовларимиз борми? Баҳолаш воситаларимиз мавжудми? Етарли ва адолатли бўладими? Бу масала ҳам кўндаланг қўйилиши керак”, — деди Бакиров.
У углерод солиғининг ўзига қарши эмаслигини, бироқ уни жорий этиш асослари ва оқибатлари олдиндан ўрганилиши лозимлигини қайд этди.

















