Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази директори ўринбосари Феруз Султоновнинг тушунтиришича, оммавий баҳолаш натижалари уй-жойни сотиш, гаровга қўйиш ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда тўғридан тўғри қўлланилмайди.

Хусусан, бузилиш (снос) жараёнларида оммавий баҳолаш қиймати компенсация миқдорини белгилаш учун эмас, дастлабки таҳлил ва мўлжал сифатида ишлатилиши мумкин. Якуний ҳисоб-китоблар эса компенсация тўловларига оид амалдаги қонунчилик асосида амалга оширилади. Агар мулкдор ёки инвестор баҳолаш натижасидан норози бўлса, мустақил баҳоловчи ташкилот жалб қилиниши мумкин.

Султонов оммавий ва индивидуал баҳолаш ўртасидаги фарққа ҳам тўхталди. Унинг айтишича, оммавий баҳолашда кўчмас мулк объектлари жойига чиқмасдан, катта ҳажмдаги маълумотлар ягона методика асосида таҳлил қилинади. Индивидуал баҳолашда эса мутахассис объектни бевосита кўздан кечириб, унинг ҳақиқий ҳолатидан келиб чиқиб қиймат белгилайди.

Шу сабабли оммавий баҳолашда барча объектлар ўртача таъмирланган ҳолатга келтирилган ҳолда ҳисобланади. Бунга объектларнинг ҳақиқий таъмирланганлик ҳолати тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ мавжуд эмаслиги сабаб қилиб кўрсатилди.

Расмий вакилнинг таъкидлашича, оммавий баҳолаш тизимини жорий этишдан мақсад кўчмас мулкни иқтисодий актив сифатидаги қийматини ягона ёндашув асосида аниқлашдир. Чунки бугунги кунда эълондаги таклиф нархи, олди-сотди қиймати, гаров, суғурта ва солиқ солиш учун қўлланадиган қийматлар бир-биридан фарқ қилади. Амалдаги кадастр қиймати ҳам мулкнинг реал бозор қийматини акс эттирмайди.

Султонов қонунчиликда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, оммавий баҳолаш натижалари мустақил баҳолашни истисно этмаслигини қайд этди. Унинг мисолига кўра, ҳозир нотариал ҳаракатлар учун белгиланган минимал қиймат ўрнига келгусида оммавий баҳолаш қийматидан фойдаланиш назарда тутилмоқда. Бунда мулкдор мустақил баҳоловчини жалб қилиб, унинг ҳисоб-китобларини солиқ органларига тақдим этиши мумкин.

Феруз Султонов тизим янги йўналиш экани сабабли айрим камчиликлар юзага келиши мумкинлигини ҳам инкор этмади. Унинг айтишича, методикани такомиллаштириш ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳамкорликка тайёрлик бор.

Аввалроқ, Тошкентда уй-жойларни оммавий баҳолаш натижалари муҳокамаси 4 декабргача узайтирилгани маълум қилинганди