Ўзбекистон | 01:04 / 31.03.2018
6252
2 дақиқада ўқилади

Адлия вазири: «​Жамоатчилик назорати тўғрисида»​ги қонунда жавобгарлик назарда тутилмаган»​

Фото: Amerika Ovozi

«Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига кўра, фуқароларнинг ўз ўзини бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жамият манфаатлари бузилганлиги фактлари аниқланган тақдирда ушбу материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг XIV ялпи мажлисида сенаторлар ёқлаб овоз берган «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига шу мазмундаги моддалар киритилган.

Қонунда ёзилишича, жамоатчилик назорати субъектлари тадбирлари ўтказиш юзасидан ташаббус кўрсатиш, шунингдек, уларда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, улар жамоатчилик назоратини амалга ошириш доирасида зарур ахборот олиш учун давлат органларига сўровлар юбориш; жамоатчилик назоратининг натижаларига кўра таклифлар ва тавсиялар тайёрлаши мумкин.

Давлат органларининг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари устидан бўйсунув қилиш ва жамоатчилик назорати натижаларини ҳам эълон қилиш субъектлар ҳуқуқлари сирасига киради.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Руслан Давлетовнинг таъкидлашича, жамоатчилик назорати натижасида тегишли давлат органи, ташкилот ёхуд идораларга киритилган тақдимномаларга муносабат билдирмагани учун қонунда жавобгарлик белгиланмаган.

«Аввалига жамоатчилик назорати механизми бизнинг жамиятда қай даражада ишлашини кузатамиз. Зарурият пайдо бўлиши билан қонунчиликка қўшимчалар киритиб, жавобгарлик масаласи ҳам пайдо бўлади», дейди вазир.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид