7 ноябрга ўтар кечаси ва куннинг кечки соатларида Тошкентда ҳаво сифати ёмонлашиши кутилмоқда. Ноқулай метеорологик шароит туфайли PM заррачалари миқдори ортиши мумкин. Бу ҳақда Экология қўмитаси хабар берди.

Махсус комиссия атмосфера ҳавоси сифатини мониторинг қилишда давом этмоқда. Прогнозларга кўра, 7 ноябрга ўтар кечаси пойтахтда ҳаво сифати Халқаро ҳаво сифати индекси (AQI) бўйича «сезгир гуруҳлар учун носоғлом», миллий индекс бўйича эса «сариқ» даражада бўлиши мумкин.

Тунда ҳаво ҳароратининг пасайиши, кучсиз шамол ва ҳарорат инверсияси атмосферанинг қуйи қатламларида ҳаво алмашинувини чеклайди. Бу маҳаллий ва қўшни ҳудудларда шаклланган ифлослантирувчи моддалар ҳамда PM заррачаларининг тарқалишини секинлаштиради. Шу билан бирга, ғарбдан кириб келаётган ҳаво массаларининг тез ҳаракатланиши ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалишига ёрдам бериши кутилмоқда.

7 ноябрь эрталаб ҳаво сифати AQI бўйича «ўртача» даражагача яхшиланиши прогноз қилинган. Бироқ кечки соатларда кучсиз шамол ва ноқулай метеорологик шароит таъсирида PM заррачалари миқдори ортиб, ҳаво сифати яна «носоғлом» даражагача етиши мумкин.

8 ноябрь куни ҳаво сифати асосан «ўртача» ва «сезгир гуруҳлар учун носоғлом», 9 ноябрь эрталаб эса «ўртача» даражада бўлиши кутилмоқда. Миллий индекс бўйича ушбу даврда ҳаво сифати асосан «сариқ», қисқа муддатларда эса «зарғалдоқ» даражада бўлиши мумкин.

Кундузги соатларда ҳаво ҳароратининг кўтарилиши ва вертикал ҳаво алмашинувининг ўзгариши ҳисобига ҳаво сифати яхшиланиши прогноз қилинмоқда.

Маълумот учун, ҳаво сифатини яхшилашга қаратилган рейд тадбирлари 24/7 режимида давом эттирилмоқда. Навбатдаги рейдлар давомида Тошкент вилояти ва пойтахтда жами 95 та объект фаолияти ўрганилди.

Бундан ташқари, бугун пойтахтда ҳаво сифати «яшил» даражага чиқди. Умуман, октябрь ойида ҳаво сифати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан яхшиланди.