Ҳар йили 30 март куни бутун дунёда Ер муҳофазаси куни халқаро байрами нишонланади. Бу байрам атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида бутун сайёрамиздаги инсонларни бирлаштиришга йўналтирилган. Шу куни сувга доир маълумотлардан хабардорликка йўналтирилган UzWaterAware лойиҳаси доирасида Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ)нинг Ўзбекистондаги филиали Европа Иттифоқининг молиявий қўллаб-қувватлаши остида болалар ўртасида "Ер ва сув", "Менинг Ўзбекистоним ва сув ресурслари" мавзуидаги расмлар ва иншолар танловига старт беради.

2018 йилнинг 30 мартидан 1 июлига қадар бўлиб ўтадиган танловда Ўзбекистонда яшовчи 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар иштирок этиши мумкин. Иштирокчиларнинг ишлари ёшга доир уч тоифага ажратилган:
1 тоифа – 1-4 синфлар ўқувчилари;
2 тоифа – 5-7 синфлар ўқувчилари;
3 тоифа – 8-9 синфлар ўқувчилари.
Танловнинг асосий мақсади – бутун Ўзбекистон бўйлаб мактаб ўқувчилари ва ота-оналарнинг эътиборини сув ресурслари ва умуман атроф-муҳит муҳофазасига қаратиш.
Юқоридаги мавзудаги расмлар ёки ижодий иншолар, шунингдек иштирокчилар ҳақидаги қисқа маълумот (ота-оналар билан боғланиш рақамлари билан бирга) [email protected] ҳаволаси бўйича қабул қилинади. Хатнинг мавзу сатрига "UzWaterAware лойиҳасининг болалар танлови" деб ёзилсин.
Танлов якунларига кўра энг яхши ишлар (ҳар бир тоифада биттадан) эълон қилинади ва уларнинг муаллифлари қимматбаҳо совғалар билан мукофотланади. Ғолиблардан ташқари ўзига хос ишлари билан кўзга ташланган иштирокчиларга турли номинацияларда рағбатлантирувчи совғалар тақдим этилади.









