Машҳур яккахон санъаткорларимиздан бири ўғлини уйлантиргани-ю, дабдабали тўй бергани ҳамманинг оғзида! Бу ҳолат шахсан Президентимиз томонидан тўйлардаги дабдабабозлик ва ортиқча харажатларни камайтириш юзасидан берган тавсиялари фонида рўй бераётгани ажабланарли.
Санъаткоримизнинг ушбу хатти-ҳаракати ижтимоий тармоқларда жуда кўпчилик томонидан, Президент гапларига беписандлик ўлароқ баҳоланаяпти. Тўғри-да, бу ёқдан Президент тўйларни ихчамлаштириш ҳақида гапирмоқда, ҳар йили Мустақиллик байрами арафасида санъаткорларни тақдирлаш ҳақида қарор чиқармоқда, улар эса…
Адолат юзасидан айтиш керакки, бу ерда санъаткоримизнинг яккаш ўзини айблаш ноўрин. Унинг ўрнида исталган бошқа санъаткор бўлиб қолиши ҳам мумкин эди. Фарқи — тўй мавзуси қизғин мунозара қилина бошланганидан сўнг биринчи бўлиб тўй қилган одам у бўлди. Тўғри, у таниқли санъаткор, қўшимча бизнеслари ҳам бор, унинг пули жуда кўп. У пулларни ўзи истаганча тасарруф этади. Ўз-ўзидан, таниш-билишлари ҳам жамики санъаткорлар, тушунамиз.
Боз устига, тўй ҳар қандай ота-онанинг орзу-ҳаваси ҳамдир. Биз янги турмуш қурган ёш оилага бахт тилаймиз.
Бироқ танганинг иккинчи тарафига назар ташласак, тўйларнинг ихчам ўтишидан энг манфаатдор бўлмаган қатлам иккита бўлса — бири санъаткорлар, битта бўлса — шу санъаткорлар.
Чунки бундай дабдабали тўй билан улар аввало ўз хизматларини реклама қилишади: «Сизлар ҳам мана шундай дабдабали, маҳаллада дув-дув гап бўладиган тўй ўтказинглар, биз хизмат қилайлик», қабилида.
Ҳозирда санъаткорларимизнинг ҳар бири ижтимоий тармоқларда, айниқса Instagram’да ўзининг расмий саҳифасига эга. Улар бу ерда ўз фаолиятидан лавҳалар бериб бориш билан биргаликда, юз минглаб мухлисларига ўз хизматини яширин тарзда реклама ҳам қилишади. Айтайлик, Дилсўз доим қиз узатилаётган хонадонга бориб «Отажон» қўшиғини куйлайди. Сардор Раҳимхон эса тўйларда «Онажон» қўшиғини куйлаб беради ва куёв ўз онасига гул тақдим этади. Кимдир келин салом айтиши билан машҳур. Бу пойтахт тўйларида ўзига хос удум-анъанага айланиб қолган. Ва бу ҳолатлар санъаткорларнинг Instagram’ида, турли тўйлардан туширилган тасвирлар воситасида тинимсиз тарғибот қилиб турилади.
Хуллас, юқорида таъкидлаб ўтганимдек, тўйларнинг ихчамлаштирилишидан улар асло манфаатдор эмас.
Маълумки, Солиқ кодексимизда санъаткорларнинг концерт-томоша фаолиятидан оладиган даромадлари солиққа тортилмаслиги белгилаб қўйилган. I гуруҳ ногиронлари, ҳаттоки 1941–1945 йилларда иккинчи жаҳон урушида қатнашган фахрийлар бизнес бошлашса, улар ҳам 50 фоиз бўлса-да, солиқ тўлашади, лекин санъаткори ҳам, отарчиси ҳам, бошқаси ҳам солиқ тўламайди ва бу ҳол ҳеч кимни ташвишлантирмайди.

















