Демократик партия АҚШ конгресси учун оралиқ сайловларда ғалаба қозониб, 2027 йил январидан икки палатани ҳам назорат қиладиган бўлди. Уларда республикачи президент Доналд Трампнинг ташқи сиёсатига таъсир ўтказиш имконияти бўлади, деб ёзмоқда Reuters. Агентлик бешта асосий йўналишни санади.
Эрон билан урушни чеклаш
Трамп Эрон билан уруш бошлашдан олдин конгресс розилигини олмаганди. Конгрессдагилар энди Трампни урушни давом эттириш учун рухсат олишга мажбурлаш мақсадида мудофаа харажатларини қисқартириши ёки давлат лавозимларига номзодларни тасдиқлашни кечиктириши мумкин. Бундан ташқари, маъмурият вакилларига ўз режалари тўғрисида очиқ эшитувларда ҳисобот бериш мажбурияти юкланиши мумкин.
Украинага ёрдам
Трамп даврида Украинага тўғридан тўғри молиявий ва ҳарбий ёрдам деярли тўхтаб қолган. Бундан ташқари, АҚШ президентининг Россия билан дизел келишув тузиш қарори конгресснинг кўпчилик аъзолари (жумладан, республикачилар) томонидан салбий қабул қилинган.
Энди конгрессдаги демократлар қайси қонун лойиҳаларини ва қачон овозга қўйишни кўпчилик овоз билан ҳал қила олади – бу уларга Украинага янги ёрдамни маъқуллаш имконини бериши мумкин. Катта эҳтимол билан, бундай лойиҳалар Трампнинг ветосини четлаб ўтиш имконини берадиган даражадаги кўп овоз билан (конгрессменларнинг учдан икки қисмининг овози) қабул қилинади.
Исроилга ҳарбий ёрдамни тўхтатиш
Ҳозирда Исроилга ёрдам 3,8 миллиард доллар миқдоридаги йиллик молиялаштиришни, шунингдек, 2023 йил 7 октябридаги воқеалардан кейин қўшимча тарзда ажратила бошланган миллиардлаб долларни назарда тутади. Трамп эса сайловлар арафасидаги интервюсида Исроил энди бундай кўмакка муҳтож эмаслигини айтиб, йил охирида ёрдам бериш тўхтатилишини эълон қилди.
Ҳарбий харажатларни чеклаш ва хорижий ёрдамни қайта тиклаш
Трамп 2026 йилда ҳарбий бюджетни 67 фоизга – 1,5 триллион долларгача оширишни талаб қилганди. Бироқ сенатдаги демократлар Трамп Эронда уруш бошлаш режасини конгресс билан маслаҳатлашишдан бош тортгани ва ижтимоий дастурларга харажатларни қисқартирганини баҳона қилиб, аллақачон бу таклифни блоклаган.











