31 март куни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони Б. Ташматовнинг Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техника институти базасида идоравий ўқотар қурол ва махсус воситаларни олиб юриш ҳамда улардан фойдаланишга рухсат берилган ташкилотлар ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курслари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги буйруғи имзоланган, 12 апрель куни ушбу низом Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган.

Мазкур низом Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Ҳарбий-техник институти базасида ташкилотларнинг идоравий ўқотар қурол ва махсус воситаларни олиб юриш ҳамда улардан фойдаланишга рухсат берилган ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш тартибини белгилайди.

Низомга мувофиқ махсус курслар  қуйидагилар бўйича назарий билимларни олиш ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш мақсадларида ташкил этилади:

(тайёрлаш ва қайта тайёрлаш) фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мол-мулкни, қимматбаҳо ва хавфли юкларни, махсус почтани қўриқлаш, табиат ва табиий бойликларни муҳофаза қилиш, шунингдек қурол ва махсус воситалар муомаласига доир қонун ҳужжатларининг асосий талаблари;

қўриқланадиган объектларни (кузатилаётган мол-мулкларни) қўриқлаш, уларни жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш, қўриқланадиган объектларда рухсат бериш ва объект ички режимини таъминлаш, хизмат йўналишларида (постларда) ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш бўйича хизмат вазифалари, уларни бажариш шакллари ва усуллари;

қўриқлашнинг (мол-мулкларни кузатишнинг) илғор муҳандислик-техник воситалари ва усуллари, замонавий радио ҳамда симли алоқа воситаларининг турлари ва техник тавсифлари, улардан фойдаланиш ва радиоалоқани ташкиллаштириш қоидалари;

уюшган гуруҳ, жиноий уюшма, террорчилик-қўпорувчилик гуруҳлари ва уларнинг аъзолари томонидан қўлланилаётган тактик усуллар ва уларнинг хусусиятлари, улар фаолиятини амалга оширишда фойдаланиладиган портловчи қурилмалар, қурол-яроғлар, техник ва бошқа воситалар;

шахсларни, уларнинг буюмларини ва транспорт воситаларини кўздан кечиришнинг илғор муҳандислик ва махсус техник воситалари, уларнинг турлари, техник тавсифлари ҳамда улардан фойдаланиш тартиби;

тан жароҳатларининг асосий турлари бўйича бирламчи шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмалари;

табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда ҳодисалар ва вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этишда қатнашиш;

қўриқланаётган объектларни (кузатилаётган мол-мулкни) террорчилик-қўпорувчилик ҳаракатлар содир этилишидан ҳамда жиноий тажовузлардан ишончли қўриқлашни ташкил этишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари, жамоатчилик вакиллари билан ўзаро самарали ҳамкорликни таъминлаш чоралари бўйича назарий билимларни олиш ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш.