Жамият | 10:02
1091
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ов қуроллари ва юзлаб ўқ-дорилар ихтиёрий топширилди

Тошкент шаҳрида икки нафар фуқаро марҳум яқинларидан қолган ўқотар қуроллар ва ўқ-дориларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ихтиёрий равишда топширди. Ҳолатлар Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида аниқланди.

Фото: Видеодан кадрлар

Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилишича, жорий йилнинг 1 июлидан республика бўйлаб ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирларининг иккинчи босқичи доирасида ўқотар қуролларнинг ноқонуний муомаласига қарши қаратилган тезкор-қидирув тадбирлари амалга оширилмоқда.

Шундай тадбирлардан бири давомида Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида яшовчи 1981 йилда туғилган фуқаро марҳум отаси яшаган хонадондан топилган 1 дона винтовка, 19 дона ўқотар ов қуроли, 13 дона ствол ва колодка, 117 дона ўқ-дори ҳамда бошқа эҳтиёт қисмларни ўз ихтиёри билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширди.

ДХХ ва Ички ишлар вазирлигининг пойтахт бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган яна бир тадбирда эса Миробод туманида яшовчи 1960 йилда туғилган аёл марҳум турмуш ўртоғига тегишли бўлган 2 дона ўқотар ов қуроли ва 181 дона ўқ-дорини ихтиёрий равишда топширди.

Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларга мурожаат қилиб, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар ва портловчи моддаларни ихтиёрий равишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширган шахслар жавобгарликдан озод этилишини эслатди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид