Жаҳон | 07:45 / 03.05.2018
9353
2 дақиқада ўқилади

АҚШда ҳарбий самолёт қулаши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди

Фото: AFP/East News

АҚШда С-130 ҳарбий-транспорт самолётининг қулаши оқибатида камида 5 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Жоржия штатининг миллий гвардия вакили Жефф Безоре маълум қилди.

Самолёт ҳавога кўтарилгандан кўп ўтмай автомобиль йўлига тушган. Полиция вакили бу вақтда йўлда машиналар бўлмаганини ҳақиқий мўъжиза деб атаган. 

Самолёт Пуэрто-Рико миллий гвардиясининг 156-авиация бўлимига бириктирилган бўлиб, Саванна аэропортидан Аризона штатидаги Дэвис-Монтан ҳарбий-ҳаво базасига йўналаётган бўлган.

Дастлаб 2 киши ҳалок бўлгани маълум қилинган. АҚШ миллий гвардияси матбуот хизматида самолёт бортида 5 киши бўлгани маълум қилинган. Бироқ “Ассошиэйтед Пресс” ахборот агентлиги Пуэрто-Рикога иқтибос келтирган ҳолда самолётда 9 киши бўлганини маълум қилган.

Авиаҳалокатнинг сабаблари ҳозирча номаълумлигича қолмоқда. Маълум қилинишича, самолёт 60 йилдан кўпроқ хизмат қилган ва ўзининг сўнгги машғулот парвозини амалга ошираётган бўлган. 

С-130 Hercules самолёти нафақат АҚШ, балки бошқа кўплаб давлатлар ҳарбий-ҳаво кучларининг асосий тактик транспорт самолёти ҳисобланади. Унинг юк кўтариши 20 тоннани ташкил қилади, модификациясидан келиб чиқиб унда пулемёт-замбарак қуроли ўрнатилиши мумкин. Самолёт юк ташишлар, қўшинлар ва ҳарбий техникани десант қилиб тушириш учун мўлжалланган. Ўз ичига 90 дан кўпроқ аскар ёки 60 га яқин парашютчини сиғдира олади.

Мавзуга оид