Жаҳон | 13:51 / 03.05.2018
10224
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Иннинг Хитойга ташрифи кўчмас мулк нархининг ошиб кетишига сабаб бўлди

Фото: AP Photo / Ju Peng

Хитойнинг Шимолий Корея билан чегарасида жойлашган Даньдун шаҳридаги кўчмас мулк объектлари нархи Ким Чен Иннинг март ойида Хитойга ташрифидан кейин кескин ошиб кетди. Бу ҳақда Хитойнинг Global Times нашри маълум қилди. 

Нашр ўтказган тадқиқотга кўра, Ким Чен Иннинг ташрифидан кейин Даньдундаги уйлар нархи бир квадрат метри учун 3 минг юандан (470 доллар) 5 минг юангача (780 доллар), баъзи туманларида эса 2 баробарга кўтарилиб кетган. Шу билан бирга кўчмас мулк савдоси ҳажми ошиб бормоқда.

Кўчмас мулк агентлиги ходимининг маълум қилишича, Ялуцзян дарёси бўйида жойлашган кўчмас мулкнинг нархи энг тез ошмоқда. Дарёнинг нариги соҳилида Шимолий Кореянинг Синийжу шаҳри жойлашган.

Тадбиркорлардан бирининг айтишича, бир қатор туманларда кўчмас мулк нархи кунига бир неча юз юанга ошмоқда. Чжан исмли давлат хизматчисининг айтишича, харидорлар асосан маҳаллий аҳоли бўлиб, кўчмас мулк бозоридаги нарх ошишлар шаҳарнинг марказий қисмида бир қатор уйлар қурилиши якунлангани ва аҳоли ўша ерларга кўчиб ўтишга интилаётгани билангина боғланган. 

Шу билан бирга туризм бўйича агентлардан бирининг айтишича, Ким Чен Иннинг Хитойга ташрифидан кейин Шимолий Кореяга темир йўл чипталарига талаб ошган ва шу сабабли уларни сотиб олиш мушкул ишга айланиб қолган. Унинг айтишича, ўтган йил Пхеньянга поездлар қатнови тўхтатилганди, бироқ охирги вақт Шимолий Кореяга бизнес-тур ва оилавий сафарларга талаб ошган.

Ким Чен Ин Хитойга рафиқаси билан 25-28 март кунлари ташриф буюрганди.

Мавзуга оид