Ўзбекистон | 14:52 / 15.05.2018
5415
2 дақиқада ўқилади

ХМТ ўзбек ҳукуматининг мажбурий меҳнатга доир янги қарорини олқишлади

Халқаро Меҳнат ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий меҳнатга доир янги қарорини олқишлашини билдирди. Ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонаси мулозими Йонас Аструп шундай баёнот берди. 

“Биз турли ҳукумат ва ноҳукумат идораларга янги мажбуриятлар юкланганини кўришдан мамнунмиз. Биз, шунингдек ҳужжатда (Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги 349-сон қарори назарда тутилмоқда) фуқаролик жамиятига ҳам аниқ ҳавола мавжудлигини эътироф этамиз. 

Мажбурий меҳнат – мураккаб муаммо бўлиб, уни бартараф этиш учун барча биргаликда ўз вазифасини бажариши керак бўлади. Ҳукумат қарори айнан шуни тадбиқ этади. 

Ўзбекистон конституциясида мажбурий меҳнат тақиқланиши хусусида аниқ сўз юритилган, албатта. Ҳукуматнинг бу қарори ҳам шундай.

Масалан, прокуратура ходимлари қонунлар ва қоидаларга риоя этилишини назорат қилиш учун масъулдирлар. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ҳам қонунларга риоя этилишини назорат қилишда мажбуриятларга эга. Яна бир ижобий қадам ташланди. Ҳукумат қарори буни янада юзага чиқаради”, - деди Й.Аструп.

Унинг билдиришича, умуман, Халқаро Меҳнат ташкилоти ҳукумат қарорини жуда юқори баҳолайди.
 
“Биз бу соҳадаги улкан ўзгаришларни тан оламиз ҳамда ҳукуматни жараённи давом эттиришга ва фуқароларда мурожаат қилишга туртки беришни кучайтиришга чақирамиз. 

Агар биз барчамиз, биргаликда ишласак, бу муаммони бартараф эта оламиз. Айтишим мумкинки, ҳукумат мулозимларининг мазкур муаммога жиддий ёндашуви Ўзбекистон келажагига нисбатан ишонч билан қарашимга асос бўлмоқда. Биз, Халқаро Меҳнат ташкилоти сифатида имкон даражасида бу жараённи енгиллаштиришда кўмак беришга тайёрмиз”, - дейилади ХМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси бош техник консультанти баёнотида.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид