Бандлик вазирлиги иш вақтидан ташқари ишга мажбурлаш ва камбағаллик кўрсаткичларини сохтакашлик йўли билан қисқартириш ҳолатлари ҳақида баёнот берди.

“Ижтимоий тармоқларда айрим ҳудудларда ходимларни иш вақтидан ташқари, шунингдек, дам олиш кунларида турли топшириқларни бажаришга мажбуран жалб этиш ҳолатлари юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда.

Давлат меҳнат инспекцияси огоҳлантиради: мажбурий меҳнат қонунчилик билан тақиқланган. Ходимни жазо ёки босим таҳдиди остида, унинг розилигисиз меҳнатга мажбурлашга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, "Ижтимоий реестр"даги фуқароларни асоссиз ёки мажбуран реестрдан чиқариш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бу эса фуқароларнинг давлат томонидан кафолатланган ижтимоий ҳимоя ва кўмаклардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлишига олиб келиши мумкин.

Унутманг! Ҳеч қандай топшириқ ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини ёки фуқаронинг ижтимоий ҳимоя ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўла олмайди.

Мурожаатлар ўрганилиб, ҳолатлар тасдиқланган тақдирда, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилади.

Ҳудудлардаги раҳбарларга ҳам бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан тегишли огоҳлантириш юборилади”, – дейилади вазирлик баёнотда.

Бош прокуратура назорат қилиши керак

Эслатиб ўтамиз, 16 июл кунги селекторда Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий реестрга киритишни асоссиз рад этиш ёки сунъий равишда реестрдан чиқариш ҳолатлари учраётганини танқид қилганди.

“Бунинг оқибатида эҳтиёжманд оилалар ижтимоий ёрдам олиш, фарзандини боғча ва тўгаракка бериш каби кафолатланган хизматлардан фойдалана олмаяпти. 184 та маҳаллада бир ой ичида келган 2 мингта аризанинг барчаси асоссиз рад қилинган. [...] Шу сабабли реестрга кириш масаласида президентга мурожаатлар йил бошидан 1,5 баробар ошиб, 30 мингдан 46 мингга кўпайган”, – деганди давлат раҳбари.