KUN.UZ таҳририятига келган мурожаат ортидан Андижон вилояти, Хонобод шаҳри томон йўл олдик. Ўрганишларимиз шуни кўрсатдики, мазкур муаммо бугун пайдо бўлмаган ва ечими ҳам мураккаб эмас. Фақат Хонобод шаҳар ҳокими ва мутасаддилари вазиятга оқилона ёндашиб ҳаракат қилсалар бўлгани экан.    

Муаммонинг бошланиши

Тошкент шаҳар хўжалик судининг 2014 йил 14 сентябрь кунги 10-1618/14799 сонли суд ҳал қилув қарори билан Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туманидан давлат рўйхатидан ўтган Андижон вилояти, Хонобод шаҳар “Коинот” кўчаси 41-манзилда жойлашган “Xonobod broyler” МЧЖ банкрот деб эътироф этилиб, тугатишга доир юритув бошланади.

Ўзбекистон Республикаси “Банкротлик тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқ, қарздорга тегишли бўлган кўчар мол-мулклар “Universal auktsion invest” МЧЖ томонидан 2017 йил 13 январь куни ўтказилган очиқ аукцион савдолар орқали сотилган.

Азизбек Турғунов ва бошқалар 2017 йил 13 январь куни Тошкент шаҳар хўжалик судининг ҳал қилув қарорига асосан банкрот, деб эътироф этилган “Xonobod broyler” масъулияти чекланган жамиятининг кўчар мол-мулкларини аукционда сотиб олади.

Бир қарашда ҳаммаси ойдин: банкрот бўлган ташкилотга тегишли мол-мулк кимошди савдосида сотилди ва энди уни сотиб олган фуқаро ўша қонуний сотиб олинган маълум қийматга эга мулкни олиб чиқиб кетиши керак. Лекин ундай бўлмади...

Сотиб олганлар билан ҳокимлик ва ИИБ ўртасидаги келишмовчилик

Ташкилот банкротга учраб, мулклари сотиб бўлингач, майдонга туман ҳокимлиги чиқиб келади. Уларнинг фикрига кўра, аукционда сотилган мулк, яъни электр коммуникация ускуналари жуда арзон нархда сотилган ва агар ўша мулк олиб чиқиб кетилса, “Фозилмон наслли парранда” комплексида ижарада фаолият юритаётган “Андижон парранда инвест” томонидан етиштирилаётган паррандалар ва инкубатордаги жўжаларга зарар етказилади. Ҳолбуки, “Xonobod broyler” тугатиш суди бошқарувчиси томонидан мулк сотишдан олдин комплексдаги жамиятларга: “Ўзларинг сотиб олинглар”, дея кўп бора огоҳлантириш берилган ва мулк аукционда сотилмай 6 ой давомида турган.