Пенсия жамғармаси Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ этиш Концепцияси доирасида ишловчи пенсионерларга тўлиқ миқдорда пенсия тўлашни таклиф этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси расмий сайтида эълон қилинган.

2018 йил 1 май ҳолатига Ўзбекистон Республикасида 3,3 млн. нафардан ортиқ пенсия ва нафақа олувчилар мавжуд бўлиб, бу фуқаролардан 103,1 минг нафари (ёки 3,2 фоизи) пенсияга чиққандан сўнг иш фаолиятларини давом эттиришмоқда.

Амалдаги қонунчилик талабларига асосан, пенсионерлар ишга жойлашган тақдирда уларга пенсиялар 50 фоиз миқдорида иш жойидан амалга оширилади (айрим тоифадаги пенсионерлардан ташқари). Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда ушбу тартиб жаҳон амалиётида бошқа давлатларда мавжуд эмас.

2017-2018 йилларда ҳудудларда ўтказилган сайёр учрашувлар ҳамда фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ишловчи пенсионерларга 50% миқдорда пенсия тўлаш тартиби уларни пенсияга чиққандан сўнг норасмий равишда иш фаолиятини давом эттиришларига сабаб бўлмоқда.

Пенсия тўловларини белгиланган тартибда амалга оширилиши юзасидан Давлат молиявий назорат бошқармалари ҳамда бошқа назорат органлар томонидан ўтказилаётган текширишларда кўплаб иш берувчилар ва пенсионерлар томонидан ишлаётганлиги тўғрисида Пенсия жамғармасига маълум қилмаганлиги оқибатида тўлиқ миқдорда пенсия олиши билан боғлиқ ортиқча тўловлар аниқланмоқда.

Ўз навбатида, ушбу йўналишда ўтган йил давомида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2017 йил 1 апрель ҳолатига 4 та тоифадаги пенсионерлар (I-II гуруҳ ногиронлари, уруш қатнашчилари, маҳалла раислари ва уларнинг диний-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари) тўлиқ миқдорда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор фармон ва қарорларига асосан бугунги кунда 31 та тоифадаги пенсионерлар («Халқ» ва «Хизмат кўрсатган» фахрий унвонларига эга пенсионерлар, тиббиёт муассасалари шифокорлари, «Нуроний» жамғармаси, «Оила» маркази, Мажбурий ижро бюроси ва нодавлат-нотижорат корхоналари ходимлари, спорт фахрийлари ва бошқалар)га тўлиқ миқдорда пенсия олиш имтиёзлари берилиб, 26,7 минг нафар (ёки 26фоиз) ишловчи пенсионерларга тўлиқ миқдорда пенсия тўланмоқда.