Ўзбекистоннинг электроэнергетика соҳасини ислоҳ қилиш доирасида ҳукумат мамлакатда атом энергетикасини ривожлантиришга доир тарихий қарор қабул қилди. Бугунга келиб атом энергетикаси электр энергиясини жуда катта кўламда, ҳеч қандай табиий-иқлимий чекловларсиз ишлаб чиқаришга қодир ягона муқобил технология ҳисобланади. Энг асосийси, у мамлакат иқтисодиётини узлуксиз арзон энергия билан таъминлай олади.
Ўзбекистон ҳукумати инновацияларни татбиқ қилиб, анъанавий энергия манбаларини модернизациялаштириб, қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ) лойиҳаларини амалга ошириб, шунингдек атом энергиясига доир режаларни ҳаётга татбиқ қилиб, энергетик мувозанатга эришишни ўз олдига мақсад қилган. 25 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "Электр энергия соҳасидаги ислоҳотлар ва унинг истиқболлари - орттирилган тажриба, хулосалар ва рад этилган афсоналар" номли халқаро конференцияси доирасида шу ҳақида сўз борди.

"Ўзбекистон Республикасининг энергетика ривожига қаратилаётган алоҳида эътибор, Марказий Осиё ва хорижий мамлакатлар энерготизими билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик самараси ўлароқ, мамлакатда энерготизимни ислоҳ қилиш, энергосамарадорликни ошириш, электр энергияси таннархини пасайтириш ва халқаро ҳамкорликнинг янги босқичига чиқишига доир инновацион ривожланиш тамойиллари ва ўзаро манфаатли иқтисодий фойдаларга асосланган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда", - деди "Ўзбекэнерго" АЖ бошқарув раиси Улуғбек Мустафоев.
У асосий эътибор энергетика тизимига электр энергия ишлаб чиқариш учун ёқилғи харажатини камайтириш имконини берувчи инновацион технологияларни татбиқ қилишга қаратилаётганини таъкидлади.
"Электр энергиясини ишлаб чиқариш диверсификацияси экотизимни яхшилайди. Натижада энг кам харажатлар билан барча истеъмолчиларнинг электр таъминоти сифати яхшиланади", - деди Мустафоев.

Шу ўринда у халқаро молиявий институтлар, шу жумладан Осиё тараққиёт банки, Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек Россия билан ҳамкорликнинг муҳим ролини қайд этиб ўтди. Хусусан, Ўзбекистон ҳукумати хорижий лойиҳалар сони (11 мамлакатда 35 энергоблок) бўйича глобал техник етакчи ҳисобланган РФнинг "Росатом" давлат корпорацияси билан ҳамкорликда тинчлик атоми соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш режалари ҳақида маълум қилганди.
















