Жиззах вилоятида қурилаётган интеграциялашган атом электр станцияси лойиҳасининг умумий қиймати 9,5 миллиард долларни ташкил этади. Бу ҳақда 2 сентябр куни Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар берди. Аввалроқ “Ўзатом” агентлиги раҳбари Азим Аҳмадхўжаев 9,5 млрд доллар – лойиҳанинг базавий максимал қиймати эканини айтганди.

Аҳмадхўжаев ва бошқа масъуллар 2 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёевга интеграциялашган АЭС ва унга ёндош шаҳарча барпо этиш бўйича қилинаётган ишларни тақдимот қилди.

“Атом энергетикасини ривожлантириш мамлакатимиз – Ўзбекистон энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш, барқарор базавий электр генерациясини яратиш ва энергия манбаларини диверсификация қилишда стратегик аҳамиятга эга.

Интеграциялашган атом электр станцияси лойиҳаси жорий йил 4 июндан қурилишнинг фаол босқичига ўтди. Бугунги кунга қадар реактор биноси учун котлован қазиш ишлари тўлиқ якунланиб, 1 миллион куб метрдан ортиқ тупроқ қазиб олинди. Пойдевор плитасининг бир қисмига 916 куб метр бетон қуйилди. Қурилиш-монтаж базасидаги 100 гектар майдонда ер ишлари бажарилди. Айни пайтда қурилиш майдонида 450 нафар ишчи ва мутахассис, 100 дан зиёд махсус техника фаолият юритмоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати 9,5 миллиард долларни ташкил этади. Жараёнда 3 мингга яқин турдаги маҳсулот ва ускуналардан фойдаланилади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳада маҳаллий маҳсулотлар улуши 21 фоиз ёки 1,9 миллиард долларни ташкил этади. Давлатимиз раҳбари бу кўрсаткич етарли эмаслигини таъкидлади.

Лойиҳада маҳаллий маҳсулотлар улушини камида 30 фоизга етказиш, қурилиш-монтаж ишларининг 65 фоизини миллий корхоналар томонидан бажариш ҳамда 7 минг нафар маҳаллий ишчи ва мутахассисни жалб этиш вазифаси қўйилди”, – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Саноат зонаси

Фориш туманида 200 гектар майдонда қурилиш материалларига ихтисослашган саноат зонасини ташкил этиш таклиф қилинди. Унда камида 100 та қўшма корхонани жойлаштириш ва технологиялар трансфери орқали 15 та йўналишда маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўзда тутилган.