Италия шимолидаги Чезена шаҳри маъмурияти шахсий автомобилида юришдан велосипедда юриш фойдасига воз кечадиганларни молиявий рағбатлантиришга қарор қилди.
Эндиликда ишига велосипедда бориб-келадиганларга босиб ўтган ҳар бир километр йўли учун 25 цент тўланадиган бўлди. Бироқ тўланадиган пул миқдори чеклаб қўйилган – умумий сумма ойига 50 евро ёки кунига 2,5 евродан ошмаслиги керак, деб хабар бермоқда Il Messaggero нашри.
Италия атроф-муҳит вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ушбу тажриба 2018 йил ноябргача давом этади. Унинг якунига кўра бундай амалиётни бутун Италия бўйлаб қўллаш бўйича қарор чиқарилади. Бошланғич дастурга 90 минг евро ажратилган.
Одамлар автомобилларидан воз кечиб, велосипедда босиб ўтадиган йўл смартфонлар учун яратилган махсус дастур ёрдамида ҳисоблаб борилади. Дастурда иштирок этиш учун шаҳар маъмуриятида ариза тўлдириш керак бўлади.











