Италия, Шимолий Ирландия, Шотландия ва Ирландияда номаълум шахслар мактабларга портлаш хавфи ҳақида оммавий хабарлар юбормоқда, деб ёзди Reuters. Италияда шу муносабат билан бир кун ичида камида 300 та таълим муассасаси эвакуация қилинган, деб маълум қилди мамлакат ҳукумати. Республика полицияси тергов бошлади. Reuters маълумотларига кўра, Италияда гўёки бомба ўрнатилгани ҳақидаги электрон хат «Мизогинистон вилояти етакчиси Михаил Андропов» номи билан имзоланган. Худди шу тахминий муаллиф ўтган ҳафтада Ирландия ва Болгариядаги ОАВ таҳририятларига юборилган портлаш таҳдидлари учун ҳам жавобгарликни ўз зиммасига олган.

Италия Таълим вазири Жузеппе Валдитара La7 телеканалига берган интервьюсида бомбалар ҳақидаги хабарлар дастлабки маълумотларга кўра ёлғон бўлиб чиққанини билдирди. Унинг сўзларига қараганда, бундай таҳдидларга учраган мактаблар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. 11 ноябрь куни Ирландия, Шимолий Ирландия ва Шотландиядаги таълим муассасаларига ҳам худди шундай хабарлар келиб тушган. Ирландия полицияси мактабларга юборилган «бир хил турдаги хабарлар»дан расмийлар хабардор эканини билдириб, хавфни асоссиз деб баҳолади ҳамда эвакуацияга ҳожат йўқлигини қайд этди. Шимолий Ирландияда таҳдид олган 300 дан ортиқ таълим муассасаси борлиги маълум.

Минтақа полиция хизмати хабарлар хориждан юборилганини билдириб, хавф даражасини паст деб баҳолади. Шимолий Ирландия Таълим вазирлиги мактабларга дарсларни тўхтатмасликни тавсия қилди, шунга қарамай, айрим таълим муассасаларида эвакуация ўтказилди. Шотландияда эса 470 га яқин мактабга таҳдидлар келиб тушган, бироқ ҳукумат бу хабарларни фейк деб атади. Эҳтиёт чораси сифатида ўқувчилар бинодан ташқарига олиб чиқилди ёки уйларига жавоб бериб юборилди. Минтақадаги ушбу ҳолатларни кибержиноятчиликка қарши курашиш бўлими тергов қилмоқда.

Аввалроқ Европада супермаркетлар ва қон сақлаш марказларига киберҳужумлар, шунингдек, фуқаролик самолётлари ҳамда телекомпанияларга бомба ўрнатилгани ҳақидаги ёлғон хабарлар тўлқини кузатилган эди.