«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, ўзбекистонлик мутахассислар Италияда илк бор мавсумий меҳнат фаолиятини бошлаган. Лойиҳа иштирокчилари икки ой давомида италян тилини ўрганиб, тегишли тренинглардан ўтган. Улар SALVI компаниясида мева-сабзавотларни қайта ишлаш ишларига жалб қилинган.

29 октябр куни Италиянинг Эмилия-Романя ҳудудида лойиҳанинг бошланишига бағишланган маросим ўтказилган. Унда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ҳамда Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Абат Файзуллаев иштирок этган.

Ташриф давомида ўзбекистонликларнинг яшаш ва иш шароитлари кўздан кечирилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари ўрганилган. Ишчилар маош юқори эканини, ётоқхона ва транспорт воситаларини иш берувчи тақдим этаётганини билдирган.

Компания раҳбарияти билан учрашувда ўзбекистонликларнинг меҳнатсеварлиги ва тез ўрганувчанлиги қайд этилган. Хорижий томон келгусида қишлоқ хўжалиги соҳасига яна минг нафар ишчини қўшимча ёллаш режасини маълум қилган.

Мазкур дастур ўзбекистонликларнинг бандлигини таъминлаш билан бирга, Италиянинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасидаги тажрибасини ўрганиш ҳамда Ўзбекистонда жорий этишга қаратилган.

Лойиҳа доирасида Италияга ишлаш учун борадиган фуқаролар сонини босқичма-босқич кўпайтириш ва янги иш ўринларини очиш кўзда тутилган.