Таҳририятимизга Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори С.Қ.Қувватов томонидан Тошкент шаҳридаги ташкилотлардан бирининг раҳбарига нисбатан чиқарилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарор келиб тушди.
Диққатимизни тортган нарса мазкур қарор қабул қилинишининг қонунийлиги эмас, балки уни ёзишда йўл қўйилган хатолар (грамматик, стилистик, орфографик, қонунчилик техникаси ва ҳоказо) бўлди.
Синчиклаб текшириб чиқилганда А4 форматдаги бир бетлик қарорнинг ўзида оз эмас, кўп эмас нақ 113та хато мавжудлиги аниқланди.

Бундан ташқари, Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори ўз қарорида амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларига ҳавола келтиришда жиддий камчиликларга йўл қўйган.
Жумладан, Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори фаолиятини тартибга солувчи асосий ҳужжатлардан бири: «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг меҳнат, аҳолини иш билан таъминлаш ва меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш фаолиятини такомиллаштириш юзасидан ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги 29-сонли қарори» С.Қ.Қувватов томонидан қуйидагича талқин этилган:
«Ўзб Респ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигинг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспексияси тўғрисидаги 2010 йил 19 февралдаги 29-сонли Қарори билан тасдиқланган Низоми» ... (Изоҳга ҳожат йўқ).
Худди шунга ўхшаш ҳолатни Самарқанд вилоят Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори М.Норбоев томонидан вилоятдаги ташкилотлардан бирига нисбатан расмийлаштирилган қарорда ҳам учратиш мумкин.

Эътибор берган бўлсангиз, ҳужжатда «Самарқанд вилоят Бандлик бош бошқармаси»нинг номи бузилган ҳолда ифодаланиб, «Самарқанд вилоят Бандлик ва меҳнат муносабатлари Бош бошқармаси» деб ёзилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги 482-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тўғрисида»ги Низомда ташкилотнинг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош бошқармаси номларида «ва меҳнат муносабатлари» сўзлари мавжуд эмас.
Бундан ташқари, нима учундир вилоят ташкилотининг номидан (қарор бланкида шундай ёзилган ҳар ҳолда) Самарқанд шаҳар Бандликка кўмаклашиш маркази Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори қарор қабул қилган. Қарорда жарима суммаси «Тошкент шаҳар Бош бошқармаси» ҳисобига ўтказилиши кўрсатилган бўлиб, Бошқарманинг номи эса топишмоқ сифатида қолдирилган.















