Молдовада Руминиядан электр энергияси импорт қилишга мўлжалланган янги электр узатиш линияси очилди. У Кишинёвнинг Россияга энергетик қарамлигини камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
8 ноябр, якшанба куни бўлиб ўтган очилиш маросимида Молдова президенти Майя Санду «Москва ўнлаб йиллар давомида мамлакатни электр ва иссиқлик таъминотидан узиб қўйиш билан шантаж қилиш учун энергия ресурсларидан фойдаланганини» таъкидлади.
Европа Иттифоқининг кенгайиш масалалари бўйича комиссари Марта Кос иштирокида Кишинёв электр станциясида ўтказилган маросимда Санду янги линия электр энергияси етказиб бериш йўналишларини диверсификация қилиш ва Молдованинг Европа энергетика тизимига интеграциясини мустаҳкамлаш имконини беришини ҳам қайд этди.
Янги электр узатиш линияси Руминия чегараси яқинида жойлашган Вулканешти аҳоли пунктини Молдова пойтахти Кишинёв билан боғлайди.
AFP агентлиги қайд этишича, мазкур инфратузилма мамлакатнинг тан олинмаган Днестрбўйи Молдова Республикаси (ДМР) ҳудудида жойлашган Кучурган электр станциясига қарамлигини камайтириши керак.
Молдованинг ЕИга аъзо бўлиши бўйича музокаралар давом эттирилади
Ноябр ойи бошида Европа комиссияси ЕИга аъзоликка номзод давлатлар бўйича кенгайиш масалаларига оид йиллик ҳужжатлар тўпламини тақдим этди.
Унга кўра, Молдова Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни давом эттириш учун зарур бўлган барча шартларни бажарган.
Европа комиссияси мамлакат ўз қонунчилигини ЕИ ҳуқуқий меъёрларига мувофиқлаштириш жараёнини жадаллаштиргани ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш борасида муайян ютуқларга эришганини эътироф этди.
Брюссел Молдова ислоҳотларнинг ҳозирги суръатини сақлаб қолишига умид билдирмоқда. Бу 2028 йил бошига қадар ЕИ билан аъзолик музокараларини якунлаш бўйича «улкан, аммо эришиш мумкин бўлган мақсад»ни амалга ошириш имконини беради.
Санду: Руминия билан бирлашиш Молдова хавфсизлигини таъминлашга ёрдам бериши мумкин
Молдова президенти Майя Санду яқинда Венгриянинг Válasz Online нашрига берган интервюсида Европа интеграцияси мамлакат аҳолисининг аксарияти қўллаб-қувватлайдиган сиёсий йўналиш бўлиб қолаётганини таъкидлади.








