9 ноябр, душанба куни Полшада «Кўнгиллилар коалицияси»нинг илк қўшма ҳарбий машқлари бошланади. Франция Қуролли кучлари маълумотига кўра, 22 ноябрга қадар давом этадиган машғулотларда Германия ҳам кирувчи 11 мамлакатдан қарийб 2800 нафар ҳарбий хизматчи иштирок этади.

AFP агентлигининг қайд этишича, Германия машғулотларга штабнинг ўн нафарга яқин офицерини, ҳавода ёнилғи қуйиш самолётларини ва моддий-техник таъминот бўлинмаларини юборади.

Шунингдек, Германия ўз ҳудуди орқали ҳарбий хизматчилар ва таъминот юкларини ташишда логистик ёрдам кўрсатади.

Франция ва Буюк Британия раҳбарлигида ўтказилаётган «Кўнгиллилар коалицияси» машқларининг асосий мақсади Украинада уруш тугаганидан кейин мамлакатнинг узоқ муддатли хавфсизлигини таъминлаш механизмларини ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказишдан иборат.

Мазкур икки мамлакат машғулотларга энг кўп сонли ҳарбий контингентни юборади. Хусусан, Франциядан 1100 нафар, Буюк Британиядан эса 300 нафар ҳарбий хизматчи иштирок этади.

Машғулотлар Полша, Франция ва Туркияда ўтказилади

Авиация ва қуруқликдаги ҳарбий бўлинмалар иштирокидаги машғулотлар Полшанинг жануби-шарқидаги Нова-Демба шаҳри атрофида, Украина чегарасидан тахминан 100 километр масофада бўлиб ўтади.

Машқларнинг айрим қўмондонлик-штаб элементлари Францияда, Париж шаҳрида жойлашган Украина учун кўп миллатли кучлар (Multinational Force Ukraine, MNF-U) штабида ҳам ўтказилади.

Машғулотларнинг денгиз билан боғлиқ қисми эса Туркия раҳбарлигида Истанбулдан туриб амалга оширилади.

Унда Қора денгизда хавфсизликни таъминлаш ва миналардан тозалаш операциялари моделлаштирилади.

Франция, Буюк Британия ва Германиядан ташқари, машғулотларда Белгия, Эстония, Литва, Нидерландия, Полша, Испания, Швеция ва Туркия ҳам иштирок этади.

Ҳозирги вақтда «Кўнгиллилар коалицияси» таркибига 35 га яқин давлат киради.

Уруш тугаганидан кейин коалиция ҳарбийлари Украинага жойлаштирилиши мумкин

Киев ва Москва ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилган тақдирда, «Кўнгиллилар коалицияси» ҳарбий контингенти Украина ҳудудига жойлаштирилиши мумкин.