Туркиянинг Истанбул шаҳрида полиция Чеченистон Республикаси Федерал миграция хизмати бошқармаси собиқ раҳбари Асу Дудуркаевнинг қизи ва ИШИД террорчилик гуруҳи етакчиларидан бирининг турмуш ўртоғи Седа Дудуркаевани ҳибсга олди. Бу ҳақда Туркиянинг Vatan газетаси ёзмоқда.
Нашр маълумотларига кўра, Дудуркаева террорчиликка қарши рейд давомида ИШИД билан алоқалар учун қўлга олинган беш шахсдан бири бўлди. Нашрнинг билдиришича, унинг турмуш ўртоғи ИШИД «ҳарбий вазири» Абу Умар Шишоний саналади. Қўлга олинган яна икки шахс, тахминларга кўра, Шишонийнинг ўғилларидир.
Седанинг отаси Асу Дудуркаев 2013 йилда қизи сабаб ўз лавозимидан четлатилди. Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировнинг маълум қилишича, унинг қизи «тинч аҳоли қонини тўккан, Сурияда ислом динининг муқаддас жойларини портлатган жиноятчилар сафига кириб қолган».











