АҚШ сенаторлари Россияга қарши янги санкцияларни талаб қилишмоқда
АҚШ сенаторлари Россияга нисбатан янги санкцияларни дарҳол ишлаб чиқишга чақирмоқда, бу Қўшма Штатлардаги оралиқ сайловларга эҳтимолий аралашувдан огоҳлантириш мақсадида қилиняпти, деб хабар берди Reuters агентлиги.
Сенатор Линдси Грэхемнинг таъкидлашича, қўшимча санкциялар АҚШ президенти Дональд Трамп Россия етакчиси Владимир Путин билан иккинчи учрашувни ўтказишидан аввал жорий этилиши керак. Грэхемнинг сўзларига кўра, бу қаттиқ санкциялар бўлиши лозим.
Сенатор Марко Рубио Deter («тийиб туриш») номли қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш жараёнини ўтказиш истагида, у АҚШ разведкаси Россия Қўшма Штатлардаги сайловларга аралашгани бўйича хулосалар тақдим этадиган бўлса, янги санкцияларни жорий қилади. Рубионинг фикрича, «Россия сайловларга аралашгани аниқ, ҳамда буни келажакда ҳам амалга оширишда давом этади». У ва сенатор Крис Ван Холлен қонун лойиҳаси бўйича эшитувларни август бошида ўтказишни талаб қилмоқда.
Таъкидланишича, янги қонун лойиҳаси санкцияларни «нисбатан автоматлаштириш» имконини беради. У Россия молия, энергетика ва мудофаа секторларига йўналтирилган бўлади.
Агентликнинг эслатишича, Трамп Хельсинкидаги саммитдан сўнг, Путинга Россиянинг 2016 йилги сайловларга аралашуви масаласида қатъий позициясини билдирмагани сабабли жиддий танқидга учради.