Халқаро Пресс клубда “Ўзавтосаноат” АЖ раҳбарияти, Ўзбекистон автомобилсозлик саноатига алоқадор фирма ва ташкилотлар, заводлар раҳбарлари, ОАВ вакиллари иштирокида сессия бўлиб ўтди. Унда даставвал президент томонидан Ўзбекистонда автомобилсозлик саноатини ривожлантириш, соҳадаги коррупцияга доир танқидий фикрлари сессия иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.  

“Автомобил саноатининг ривожлантириш мени мутлақо қониқтирмайди. Йилдан-йилга ишлаб чиқариш ҳам қисқараяпти. Иқтисодий манфаатнинг йўқлиги сабабли экспортни тўхтатишга мажбур бўлдик. Автосаноатимиз коррупция ботқоғидан қутула олмаяпти. Ташқаридан янги-янги инвестиция олиб келинмаяпти. Локализация йўқ десаям бўлади. 53 фоизлиги қоғозда”, - деган фикрларни билдирган эди Шавкат Мирзиёев 26 июнь куни соҳа вакиллари билан ўтказган йиғилишида. 

Фото: ХПК

ХПК сессиясида иштирок этган “Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов (тайинланганига атиги 1 ой бўлди, бунгача Бош прокуратурада бошқарма бошлиғи лавозимида фаолият юритган – таҳр.) автомобилсозлик саноатини янада ривожлантириш бўйича Концепция ишлаб чиқилаётганини айтар экан, маҳсулотлар таннархини камайтириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, соҳада импорт қилинадиган бутловчи қисмлар ва автоэҳтиёт қисмлар импортини қисқартириш борасида иш олиб борилаётганини билдирди. 

Бундан ташқари, автосалонларнинг жойлашиши ва автомобиллар тақсимотини қайта кўриб чиқиш, ички бозорда автомобилларни сотиш тизимини тартибга солиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

“Тез орада Ўзбекистондаги барча 72та дилеримиз (шундан 22таси хусусий) билан имзоланган ҳамкорлик шартномалари қайта кўриб чиқилади. Улар биз билан имзолаган шартноманинг ҳар бир бандини сўзсиз бажариши лозим бўлади. Яқин келажакда шундай тизим йўлга қўйиладики, харидор автомобилни ўзига яқин дилердан мобил телефони орқали буюртма беради ва уйида машинасини қабул қилиб олади”, - деди Шавкат Умурзоқов. 

Шавкат Умурзоков -  
“Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раиси
Фото: ХПК

У, шунингдек, “Ўзавтосаноат”га раҳбар бўлганидан сўнг ўтган бир ой ичида тизимни ўрганиб чиққанини, ҳақиқатдан ҳам муаммолар кўплигини билдирди. Умурзоқовнинг таъкидлашича, улар шаффоф бўлишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйгани ва шу сабабли ХПК сессиясида иштирок этишга қарор қилишган. Шу билан бирга, Умурзоқов Ўзбекистонда автомобил ишлаб чиқариш ва уларнинг нархи ошиши “монополия” деган сўз билан боғлиқ эмаслигини қайд этди.