Тошкентда автотураргоҳ учун ажратилган кўплаб ерларда бизнес маркалар қуриб юборилган, деди шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов.

“Афсуски, илгари автотураргоҳ учун ажратилган кўплаб ерларда бизнес марказлар қурилиб кетилган. Бунақа хатолар такрорланмаслиги учун бугунги кунда тегишли органлар билан бу масалани қаттиқ назорат остига олганмиз”, – деди ҳоким ЎзАга берган интервюсида.

Унинг айтишича, Урбанизация қўмитаси билан биргаликда 200 минг автомобилга мўлжалланган кўп қаватли ва ер ости тураргоҳлар учун жойлар белгиланиб, босқичма-босқич аукционга чиқарилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда имзоланган президент қарори билан, Тошкентда кўп қаватли автотураргоҳларни қуриб, уларнинг профилини ўзгартирмаслик шакли билан тадбиркорларга бериш билан шуғулланувчи махсус давлат муассасаси ташкил этилиши белгиланган эди.

Кейинчалик Тошкентда автотураргоҳ қурилиши бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳалари соддалаштирилган тартибда амалга оширилиши назарда тутилди.

2028 йил якунига қадар метро станциялари олдида автотураргоҳлар ташкил қилиш орқали “Park & Ride” тизими йўлга қўйилиши керак. Бунда автотураргоҳдан фойдаланганларга чиптадан чегирмалар берилиши, автотураргоҳ тўловини метро чиптаси орқали қоплаш механизми жорий этилиши кўзда тутилган.