Тошкент шаҳрининг 12 та туманида йирик, замонавий кутубхоналар қурилади, жойлари аллақачон белгиланган. Бу ҳақда шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов маълум қилди.
“12 та туманнинг ҳар бирида йирик, интерактив ва замонавий кутубхона қуриш режалаштирилган, жойлари аллақачон белгиланган. Биласизми, мақсадимиз – шунчаки китоб сақланадиган бино қуриш эмас, йилига миллионлаб одам ташриф буюрадиган ва ўзининг илмий-маънавий эҳтиёжларини қаноатлантира оладиган жамоат маконини яратиш”, – деди ҳоким ЎзАга берган интервюсида.
Умрзоқовнинг сўзларига кўра, пойтахтдаги барча – 585 та маҳаллада босқичма-босқич китоб бурчаклари ҳам ташкил этилади.
27 июл куни имзоланган президент қарори билан, Тошкент шаҳрида майдони 5 минг метр квадратдан ортиқ савдо марказларида китоб дўконларини ташкил этиш мажбурий деб белгиланди.
“Энг илғор мамлакатларда кутубхоналар – шаҳарнинг энг севимли масканларидан бири бўлади. Ривожланишда янги босқичга чиқмоқчи эканмиз, пойтахтимизда ҳам кутубхоналар энг кўримли ва шинам масканларга айланиши шарт. Ҳаттоки гавжум ва туристик кўчаларимизда ҳам имтиёзли шартларда китоб дўконлари ва китоб кафелари очилади.
Марказий лойиҳамиз – халқ орасида “Мовий гумбазлар” деб аталадиган ҳудуд. Бу жой тарихан китоб савдосининг маркази бўлган. Энди уни мутолаа маданиятига ихтисослашган жамоат маконига айлантирамиз. Жорий йил июлида мажмуанинг тарихий қиёфасини тўлиқ тиклаш эълон қилинди, лойиҳа китобхонлар ва жамоатчилик муҳокамаси билан амалга оширилади.
Инфратузилманинг ўзи етарли эмас, албатта – рағбат ҳам керак. Президентимиз бошлаб берган анъананинг давоми сифатида шаҳар миқёсида “Энг яхши китобхон” танловини жорий этамиз”, – деди пойтахт раҳбари.
Юқоридаги қарорда, шунингдек, китоблар савдосини ташкил этиш учун тақдим этиладиган муниципал мулклар (бино ва иншоотлар) Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан китоб савдогарларига 5 йил муддатга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида тўғридан тўғри берилиши ҳам кўзда тутилган.









