Жаҳон | 10:48 / 02.08.2018
3515
2 дақиқада ўқилади

Трамп Ким Чен Ин билан янги учрашувни кутаётганлигини билдирди

Фото: AP/ Evan Vucci

АҚШ президенти Дональд Трамп КХДР раҳбари Ким Чен Инга Корея урушида ҳалок бўлган америкалик ҳарбийлар ҳокининг топширилиши муносабати билан миннатдорлик билдирди ва у билан янги учрашувни "сабрсизлик" билан кутаётганлигини айтди.

"Корея Меҳнат партияси раиси Ким Чен Ин, ваъдангизда турганингиз ва жангларда бедарак кетган бизнинг буюк ва севимли инсонларимиз ҳокларини топшириш жараёнини бошлаганингиз учун раҳмат! Сиз билан учрашувни сабрсизлик билан кутаман!", — деб ёзди Америка президенти ўзининг Twitter-аккаунтида.

Чоршанба куни Корея яриморолида ҳалок бўлган америкалик ҳарбийларнинг ҳоклари АҚШнинг Перл-Харбор – Хикам ҳарбий базасига олиб келинди.  

Шу муносабат билан базада АҚШ қуролли кучлари ҳарбийлари, Гавайи штати раҳбарияти, дипломатик корпуслар вакиллари, фахрийлар ва Корея уруши вақтида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари иштирокида маросим бўлиб ўтди.

Ҳарбийлар ҳоклари солинган контейнерлар экспертиза ўтказиш ва уларнинг шахсларини аниқлаш учун АҚШ мудофаа вазирлиги лабораториясига топширилади.   

Пентагоннинг маълумотига кўра, Корея урушида 36,6 минг америкалик ҳалок бўлган, улар орасида тахминан 7,7 минг киши бедарак йўқолган деб ҳисобланади.

Мавзуга оид