Жамият | 17:12 / 07.08.2018
46725
6 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги “Титаник” фожиаси. Аёл нега қўшнисини ўлдирди?

Иллюстратив фото/CrimYakutia

"Титаник" фильмидаги муҳаббат қиссасининг қуйида биз тасвирламоқчи бўлган воқеага дахли йўқ. Аммо ушбу "Титаник"ка айш-ишрат истаб келганлар бир пайтлар жуда кўп бўлган. Шунинг учун Кимёгарлар шаҳарчасида бу уй салбий таассуротлар билан хотирланади. Ҳатто ҳозирга қадар бу хотирани сақлаётганлар, умуман, ушбу уй ҳақида ҳалиям эски тасаввурда юрганлар кўп, деб ёзади Zarnews.

Дарвоқе, "Титаник" деганимиз Кимёгарлар шаҳарчасидаги беш қаватли, 11-А уй. Шу атрофдаги энг узун ва кўриниши ҳам кемадаги палубаларни эслатгани учун аҳоли орасида "Титаник" деб ном олган.

Собиқ совет иттифоқи даврида завод ишчилари оилалари вақтинча яшаши учун, майдони жиҳатидан ҳам, жойлашиш услуби томонидан ҳам бироз ноўнғай қурилган бир ва икки хонали хонадонлар унчалик қиммат эмас, шунингдек, ижарага бериладиган нархи ҳам ҳамёнбоп. Шунинг учун ҳаётидан, оиласидан қийналиб, шу ерда жойлашаётганлар кўпчиликни ташкил этади. Бу ҳолатнинг ўзи ҳам уй эгаларининг доим ўзгариб туриши ва улар билан иш олиб бориш мураккаблигини англатмоқда.

Аммо "Титаник"ка борганимизда аҳвол бир қараганда кўпчилик тасвирлагандай қўрқинчли эмаслигини кузатдик. Тоза-озода уй, ҳатто атрофида болалар майдончалари бор. Энг муҳими, уйнинг ёнида ҳудуд профилактика инспекторининг уйи жойлашган.

– Бундан ўн йиллар аввал бу уйда туриш жаҳаннамда яшаш билан баробар эди, – дея ўша йилларни хотирлайди шу уйда истиқомат қилувчи Фароғат Тўхтамуродова. – Эшигимизни қулфлаб кириб, қулфлаб чиқардик. Кечалари ҳар куни жанжал, бақир-чақир, яна нимадир содир бўлдимикан, дея юрак ҳовучлаб турардик. Кейинги йилларда бу ҳудудга алоҳида эътибор қаратиладиган бўлди. Фақат яқинда "дом"имизда яшайдиган бир аёл томонидан содир этилган жиноят ҳаммамизни ларзага солди. Лекин тўғрисини айтадиган бўлсам, бу аёл анчадан буён тинчимизнинг бузилишига сабаб бўлаётганди.

Бу фикрни кўпчилик қўни-қўшнилар тасдиқлашди, фақат аксарияти "Исмимизни ошкор қилмай қўя қолинг", деган шарт билан. Дарвоқе, 40 ёшли Салима (исм ўзгартирилган) ҳақиқатан жуда кўпчиликнинг чин маънода тинчини бузди: шу йилнинг апрель ойида маст ҳолатда қўшниси, эркак кишини пичоқлаб ўлдириб қўйди.

Салима бу уйда беш йилдан буён истиқомат қиларди. Икки нафар фарзанднинг онаси, шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғи билан бир оила бўлиб яшаб келган. Аммо спиртли ичимликка ружу қўйгани учун уйида, қўни-қўшнилари айтганидай, тез-тез жанжал юзага келиб турган. Қотиллик юз берган куни эса аёл дугонаси билан заҳри қотилнинг бир-икки шишасининг "бошини еган". Қаҳ-қаҳа, бақир-чақирдан сўнг қўшнилардан бири чиқиб, уларни тартибга чақиради. "Кечаси тинчлик борми?", дея қаттиқроқ гапиради. Афсуски, одамни шерга айлантириб, руҳиятини ўлдирадиган ичимлик таъсири туфайли аёл унданам баландроқ овозда эркак кишига хезлана бошлайди. Эркак профилактика инспекторининг уйига бораман деяётган пайти кўксига пичоқ санчилади…

– Ҳар куни ҳудудимиздан оғзаки, ёзма равишда ўнтача мурожаат бўлади, – дейди ҳудуд профилактика инспектори Бобур Ражабов. – Уйим ҳам шу ерда жойлашгани туфайли кечаю кундуз кичик жанжаллар бўйича маълумотлар дарҳол етиб келади. Бир кун давомида уч-тўрттагача можароларни ҳал қиляпмиз. Ўша битта домнинг ўзи бир маҳалланинг юкига татийдиган даражада можароли ҳисобланади. Сабаби, келиб-кетувчилар кўп. Ҳалигача яширин равишда фоҳиша сақловчилар бор. Уларнинг бири яқинда ушланди.

Қотиллик юз берган хонадондаги аёл, унинг оиласида маҳалласи, фаоллар иштирокида доим тушунтириш ишлари олиб борилган. Натижада Салима кейинги ойларда спиртли ичимлик ичишни ташлаган, бир аёлга қаровчи сифатида иш бошлаб, ижобий томонга ўзгара бошлаганди. Афсуски, кутилмаганда шу ҳолат рўй берди.

Шу йил ҳисобида маҳаллада иккита қотиллик рўй берди. Яна бири оилавий келишмовчилик бўйича. Иккинчисида эркак киши ажрашган, аммо бирга истиқомат қилаётган рафиқасини пичоқлаб қўйган. Бу бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда.

– Маҳалламизга қарашли 18 та кўп қаватли уйда яшовчи оилаларнинг ҳолидан бохабар бўлиб туришга ҳаракат қиляпмиз, – дейди Шукрона маҳалласининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Ҳамрохон Азимова. – Ҳозиргача маҳалламизда еттита нотинч оила рўйхатга олинган. Кўпчилик можароли деб қарайдиган "Титаник" деб номланган уй аҳолиси билан доим учрашиб турамиз. Ҳозир ҳам у ердаги ишсиз хотин-қизларга шаҳардаги "Дака" тикувчилик корхонасига ишга жойлашиши учун имкон борлигини айтиб келяпман.

Аҳоли билан суҳбатлашарканмиз, бу ҳудудда муаммоларни ҳал қилиш учун шаҳар, вилоят ташкилотларининг эътибори лозимлигини ҳис қилдик. Хусусан, икки-уч жойда спиртли ичимликлар сотилаётган экан. Шу ерда яшовчи аҳоли бу дўконлар кечки соат тўққиздан кейин ишламаслиги тарафдори. Умуман, бу ерда спиртли ичимликлар сотуви қонунийлигини масъуллар текшириб кўриши лозим, назаримизда. "Титаник"да яшовчи бир аёл эса "Бизнинг "дом"га қаттиққўл бир аёллардан ҳам профилактика инспектори бўлса яхши бўларди. Ахир 100 хонадонли уйнинг 70 фоизи ёлғиз, муаммоси бор аёллар", дейди.

Бу таклифларга мутасаддилар нима дейди, билмаймиз-у, аммо битта маҳаллада шу йилнинг ўзида рўй берган иккита қотиллик бўйича ички ишлар бошқармасидан ташқари бирорта жамоат ташкилоти келиб, воқеаларни чуқур ўрганмаган экан.

Гулруҳ Мўминова

Мавзуга оид