Қашқадарёда аёл ва унинг болаларини ёқиб юборган эркак жиноий жазога тортилди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти судлари ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳолат 2026 йил 15 май куни кечаси содир бўлган. Судланувчи С.Т. жабрланувчининг Ғузор туманидаги хонадонига бориб, у билан жанжаллашган. Сўнгра ўзи билан 5 литрли елим идишда бензин олиб келган аёл ва унинг тўрт нафар вояга етмаган фарзандини устига сепган ҳолда ўта шафқатсизлик билан уларни тириклайин ёқиб юборган.

Аёл ва унинг икки нафар фарзанди ҳаёти сақлаб қолинган. Аммо куйишдан олган тан жароҳатлари оқибатида 6 ёшли ўғил ва 11 ёшли қиз вафот этган.

Судда жабрланувчи аёл эркакка нисбатан олий жазо беришни сўраган.

“Икки болам қайтиб келмайди энди. Енгил жазо берсанглар кўпайиб кетади мана шундайлар. Олий жазо беришингизни сўрайман”, деган аёл.

ЖИБ Қамаши туман суди ҳукми билан С.Т. Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “а, в, д, ж” бандлари, 25,97-моддаси 2-қисми “а, в, д, ж” бандлари ҳамда 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилишда айбли деб топилган. Унга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.