Дастлабки тергов ҳужжатларига кўра, 2026 йил 14 март соат 23:00 ларда Самарқанд вилояти ИИБ тезкор ходимлари Самарқанд шаҳрининг Сўғдиёна маҳалласи ҳудудида тезкор тадбир ўтказган. Унда 2003 йилда туғилган Жамшид Акмалов тадбир иштирокчиси бўлган “Алиш” исмли шахсга 300 долларга 1,02 грамм мефедрон сотганликда айбланиб, қўлга олинган.
Жамшидга нисбатан суднинг 2026 йил 15 мартдаги ажрими билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
“Қўлга тушдингми, шакал?!”
Жамшид Акмалов судда айбига иқрор бўлмаган. У ўз кўрсатмасида тезкор ходимлар ундан “мефедрон топиб, тезкор тадбир ўтказиб беришни сўраганини, рад қилганидан кейин ИИБ биносига олиб кетишганини, уришганини ҳамда чўнтагига пул тиқиб, кейин тасвирга олишганини айтган.
Судланувчининг кўрсатмасига кўра, у 2026 йил 14 март куни соат тахминан 10:00 ларда Темур исмли таниши билан кўришиб, бирга ҳаммомга ва сартарошхонага борган. Кейин Темурнинг Парвиз исмли ўртоғининг машинасида шаҳар айланган.
Темурга соат 21:00 ларда Li-9 русумли машинада юрувчи тоғаси қўнғироқ қилган. Тоға ва жиян кўришишган. Кейин Темур тоғасининг Li-9 машинасини миниб келган ҳамда Жамшид Акмаловдан тоғасига мефедрон топиб беришни сўраган. Жамшид Акмалов рад жавобини берган. “Тоғамнинг олдидан сенга қўнғироқ қиламан, унга бир соат ичида мефедрон топиб беришингни айт”, деган Темур. Жамшид Акмалов буни ҳам рад қилган. Шундан сўнг Темур жамшидни машинадан туширган ва кутиб туришини, ўзи машинани ташлаб қайтиб келишини айтиб кетган.
Жамшид Акмалов Li-9’дан тушиб, ўша ердаги савдо дўкони олдидан ўтаётганида Самарқанд вилояти ИИБнинг Шаҳбоз исмли тезкор ходими ёнига борган ва саломлашган.
“Шаҳбоз бирдан ременимнинг орқа томонидан ушлаб олди. Сўнгра шу ерга етиб келган Malibu машинасининг орқа томонига олиб бориб, чўнтакларимни текширмоқчи бўлди. Шу вақтда фуқаролик кийимидаги ходим келиб, чўнтакларимни текширмасдан машинага миндиришни айтди. Мени машинанинг орқа ўриндиғи ўртасига миндиришди, икки томонида Шаҳбоз ва Элдор исмли ходимлар ўтирди.
Мавзуга оид
Шаҳбоз менга “Ҳа, қўлга тушдингми энди, шакал?”, деди. Ундан “Қанақа қўлга тушиш?”, деб сўрадим. У “ўзингни гарангликка олма”, деди. Кейин Темур миниб келган Li-9 олдига бордик. Ундан бир-икки киши тушиб келди. Машинадан тушишга ҳаракат қилдим. Лекин тушиб кетишимга қўймасдан, биқиним ва юз қисмимга уришди. Элдор лабимдан икки томонга тортди. Кейин ИИБ ходимлари машинани ҳайдаб кетишди. Бир оздан сўнг, йўлда қўлимга кишан солишди.
Машинада Самарқанд вилояти ИИБнинг олдига, йўлнинг нариги томонига келиб тўхташди. Шаҳбоз билан яна бир ходим машинадан тушиб, битта-битта келиб, уриб, тан жароҳатлари етказишди. Менга нотаниш бўлган киши олдимга келиб, ургандек бўлиб, спортивкамнинг ўнг чўнтагига 100 долларлик пулларни тиқаётганини кўрдим. Шу пайти бақириб, Элдорга “Қаранг, чўнтагимга пул тиқяпти” дедим.
Ходимлар мендан мефедрон топиб беришни сўради. Бунга рози бўлмаганимдан кейин мени Самарқанд вилояти ИИБ биноси олдига олиб боришди.
Сўнгра машинадан тушириб, тасвирга олган ҳолда ичкарига олиб киришди ҳамда икки холис иштирокида чўнтагимдан 300 доллар пулларни олиб, тезкор тадбир қилинганини айтишди.
Чўнтагимдан чиққан пуллар меники эмаслигини, уни ходимларнинг ўзлари чўнтагимга солиб қўйишганини айтдим. Бироқ ушбу 300 доллар пулни менинг чўнтагимдан чиққан, деб баённома расмийлаштиришди”, деган Жамшид Акмалов ўз кўрсатмасида.
У ҳеч кимга 300 долларга мефедрон сотмаганини айтиб, суддан ўзига нисбатан оқлов ҳукм чиқаришни сўраган.
“Чўнтагидан 300 доллар чиқди”
Судда Жамшид Акмаловга нисбатан ўтказилган тезкор тадбирда қатнашган Самарқанд вилоят ИИБ тезкор вакили Элдор Газиев гувоҳ сифатида сўроқ қилинган. У 300 доллар пул Жамшид Акмаловнинг “чўнтагидан чиққанини” айтган.
ИИБ тезкор вакилига кўра, 2026 йил 14 март куни Самарқанд шаҳрининг Саид маҳалласида яшовчи, шахси сир сақланишини сўраган фуқаро “Алиш” тахаллуси остида ариза билан мурожаат қилган. “Алиш” ўз мурожаатида Жамшид Акмалов яқин танишларига мефедрон гиёҳвандлик моддасини сотиб келаётганини, уни жиноят устида ушлаб беришда фаол ёрдам беришини айтган.
“Шунга кўра тезкор тадбир ишлаб чиқарилди. “Алиш”га 400 доллар берилиб, тезкор тадбирга жалб қилинди. Тадбир давомида Жамшид 300 доллар эвазига “Алиш”га 1,02 грамм мефедрон сотгани аниқланди.
Жамшидни қўлга олиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Тадбир ўтказилган жойда Жамшид фаол қаршилик кўрсатгани сабабли уни Самарқанд вилоят ИИБ биносига олиб борганимиздан сўнг тинтув ўтказдик. Шунда унинг чўнтагидан тадбир учун ишлатилган 300 доллар миқдоридаги пуллар олиниб, холислар иштирокида расмийлаштиришди”, деган Элдор Газиев ўз кўрсатувида.
Бундан ташқари, тезкор вакил Жамшидни ушлашганидан сўнг Malibu’га миндириб, Самарқанд вилоят ИИБ биносига қадар олиб келишда видеотасвирга ёки машина ичидаги мулоқотларни овоз ёзиш мосламасига ёзиб олишмаганини таъкидлаган.
“Ҳақиқатдан йўлда келаётганимизда вилоят ИИБнинг қарама-қаршисида жойлашган кафе олдида тўхтадик. Сабаби, шу жойда Жамшидни шахсий тинтув қилмоқчи бўлдик. Қаршилик қилганидан сўнг уни вилоят ИИБ биносига олиб келиб, хизмат хонасига олиб кириб шахсий тинтув қилдик”, деган Элдор Газиев.
Судда сўроқ қилинган тезкор вакиллар Шаҳбоз Саидқулов ҳамда Наим Толибов ҳам шунга ўхшаш кўрсатма берган.
Холислар нима деган?
Жамшид Акмаловга нисбатан ўтказилган тезкор тадбирда икки киши холис сифатида қатнашган. Улар аслида ўша куни Самарқанд вилояти ИИБга Шаҳбоз Саидқуловга бошқа бир иш доирасида ёзишмалар акс этган 80 варақли скриншотларни бериш учун боришганини айтган.
Жамшид вилоят ИИБга олиб келинган Malibu ҳам ана шу холисларга тегишли бўлган.
“Ходимлар шу куни Жамшид исмли шахсни олиб келишди ва машинага миндиришди. Биргаликда вилоят ИИБга келиб, бир бинога кирдик. Ходим Жамшиднинг чўнтакларини ковлаб, у ердан пулларни чиқарди. Дастлаб сўм пуллар чиқди, кейин ходим “бу 300 АҚШ доллари” деб кўрсатди. Сўнгра мени бошқа хизмат хонасига олиб ўтиб, у ерда пулларни кўрсатиб, тадбир иштирокчисига пул бериш тўғрисидаги баённомани имзолатди. Шу куни Жамшиднинг чўнтагига ходим пул тиққанини ёки уни бирон киши уриб, тан жароҳати етказганини кўрмадим”, деган холислардан бири.
Судда иккинчи холис ҳам сўроқ қилинган.
Ҳар икки холис муҳим бир жиҳатни, яъни “дастлаб Жамшиддан 300 АҚШ долларини олиб қўйиш тўғрисидаги баённома, кейин эса “Алиш” исмли шахсга пул бериш тўғрисидаги баённома имзоланганини” тасдиқлаган.
“Сеҳргар опер” – асосий далил
Ишни кўриб чиққан судлов ҳайъати “дело”даги бир нечта муҳим жиҳатларга эътибор қаратган. Шулардан бири Жамшид Акмаловдан “пулни олиш” тўғрисидаги видеотасвир.
Тезкор вакил Наим Толибов томонидан Жамшидни кўздан кечириш процессуал ҳаракати амалга оширилган. Ходим судланувчининг спортивкаси чап ён чўнтагидан бирданига телефон “зарядкаси” ва нос, ўнг ён чўнтагидан иккита 50 минг сўмлик, битта 10 минг сўмлик ва битта 5 минг сўмлик купюрадаги пуллар, 3 дона 100 долларлик бўлган жами 300 доллар пул олган.
Ходим пулларни олишда барчасини чап қўлига олиб, уларни қўлига қисиб олган ҳолда биттама-битта ўнг қўлига олиб кўрсатган. У иккита 50 минг сўмлик, битта 10 минг сўмлик ва битта 5 минг сўмлик купюраларни кўрсатган ва уларни номма-ном шархлаган. Букланиб турган долларларни эса санамаган ҳолда (!) бирданига “Бу ерда 300 АҚШ доллари бор”, дея эълон қилган.
Тадбир иштирокчиси бўлган “Алиш”га тезкор тадбир учун 400 доллар тақдим қилингани айтилган. Расмийлаштирилган баённомаларга кўра, Жамшиднинг ёнини кўздан кечириш ва далилий ашёни олишҳаракати соат 23:35да бошланиб, соат 23:55да тугатилган. “Алиш”дан 100 доллар ва 1,02 грамм мефедронни олиш эса 15 март куни соат 00:10дан 00:30га қадар вақт оралиғида амалга оширилган.
Бу шахсий тинтув қилган тезкор вакил “Алиш” гиёҳвандлик воситасини “300 долларга сотиб олгани”дан хабари бўлмай туриб Жамшиднинг чўнтагидан олиб, қўлида қисиб турган пул 300 доллар эканини қаердан билди, деган саволни ўртага чиқарган.
“Алиш” исмли шахсга ҳақиқатдан ҳам тадбирда ишлатиш учун овоз ёзиш мосламаси, яъни диктофон берилмаган. Тезкор тадбир тез жараёнда бўлиб қолди, қуввати тугаб қолгани учун унга диктофон бермадик. Жамшидни ушлаганимиздан сўнг уни Malibu машинасига ўтқазиб, Самарқанд вилоят ИИБ биносига қадар олиб келиш жараёнида видеокузатувга ёки автомашина ичида мулоқотларни овоз ёзиш мосламасига ёзиб олмадик.
“Алиш” замонавий автомашиналардан бири ҳисобланган Li-9 ичида гиёҳвандлик воситасини сотиб олган. Бундай автомашина ички қисмида видеокамералар мавжуд бўлиб, автоматик равишда ишлаб турган. Ушбу видеоёзув далил сифатида фойдаланиш учун олинмаган. Бунга эътибор бермаганман ва билмаганман”, деган тезкор вакил Элдор Газиев.
Диктофон қуввати тугаб қолган бўлса, нега тезкор тадбирнинг энг муҳим далил бўлувчи нуқтаси – “Алиш” ва Жамшиднинг мефедрон олди-сотдиси келишуви ҳеч йўқса телефон аппаратиига ёзиб олинмаган, деган савол туғилади. Иккинчи тезкор вакил судда сўроқ қилинганида шу саволга жавобан нега шундай қилишмаганини “эслолмаслигини” билдирган.
Ишлов берилмаган пул
Тезкор тадбирда ишлатилгани айтилган 400 доллар пулга махсус ишлов берилмаган. Буни ходим Элдор Газиев шундай изоҳлаган:
“Тадбир учун берилган жами 400 долларни тегишли тартибда кукунлаш йўли билан махсус ишлов беришга мутахассисларга бермадик. Чунки кўп тадбирлар давомида гумонланувчилар махсус ишлов берилган пулларни текшириш ускунасини ўзлари билан олиб юришгани сабабли тадбирларимиз бузилмоқда”.
Экспертизага “қарши” самбо усули
Судланувчи Жамшид ўз кўрсатмасида ИИБ ходимлари уни уриб, тан жароҳати етказганини, “опер” Элдор Газиев“лабидан икки томонга тортганини” айтган. Ходимлар эса тезкор тадбир Жамшидни ҳеч ким урмаганини таъкидлашган.
2026 йил 16 апрел куни Самарқанд вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланган хизмат текшируви хулосасида “ЖҚБ ходимлари тан жароҳати етказгани ҳолати бўйича тасдиқловчи объектив далиллар, аудиоёзув ёки видеотасвирлар мавжуд эмаслиги сабабли Жамшид Акмаловнинг важлари ўз тасдиғини топмаган” деб ҳисобланган.
Бироқ, экспертиза “Жамшиднинг танасида, яъни бўйин, ўнг қулоқ супраси, кўкрак қафаси, чап курак устки соҳаларида шилинмалари ва пастки лаб ички юзаси юмшоқ тўқималари лат ейиши каби жароҳатлар мавжуд”лиги ҳақида хулоса берган. Хулосада ушбу жароҳатлар “енгил тан жароҳатлари” гуруҳига кириши, етказилган вақти 2026 йил 14 март кунига тўғри келиши мумкинлиги кўрсатилган.
Тезкор вакиллар Наим Толибов, Шаҳбоз Саидқулов ва Элдор Газиев томонидан 2026 йил 14 март куни бошлиғи номига ёзилган билдигида Жамшид Акмалов тезкор тадбирда ушланганида қонуний талабини бажармасдан, воқеа жойидан қочиш мақсадида қаршилик кўрсатганлиги сабабли унга нисбатан самбо усуллари қўллангани маълум қилинган.
Аммо “опер”ларнинг бу ёлғони ҳам судда ўз тасдиғини топмаган. Сабаби, “дело”да Жамшидни ушлаш вақтидаги иккита видеотасвир мавжуд. Унда Жамшид шахсан ўзи, ҳеч қандай қаршиликсиз Malibu машинасига кириб ўтиргани ва машина воқеа жойидан кетгани, ходимлар унга самбо усулини қўлламагани кўринган.
Шунингдек, судда “Алиш”нинг рўйхатдан ўтмаган ва санаси кўрсатилмаган аризаси бўйича тезкор тадбир ўтказилгани, тезкор вакилларнинг имзоси турли баённомаларда тубдан фарқ қилиши аниқланган.
Оқлов ҳукми
ЖИБ Иштихон туман судининг ҳукми билан ҳаракатларида у айбланган наркожиноят ишонарли тарзда ўз тасдиғини топмагани ва содир этилган жиноятга дахли йўқлиги сабабли Жамшид Акмалов оқланган ҳамда унга оид иш тугатилган. Судланувчига нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у дарҳол қамоқдан озод қилинган.
Бундан ташқари, ишда аниқланган ҳолатлар материал тариқасида ажратилиб, тегишли процессуал ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида Самарқанд вилоят прокурорига юборилган.
Суднинг оқлов ҳукми ҳали кучга кирмаган. Ҳукмдан норози тарафлар апелляция шикояти киритиши ёки прокурор протест билдириши мумкинлиги маълум қилинган.