Самарқанд вилоятида 2026 йилнинг январ-сентябр ойларида ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган жиноятлар сони ўтган йилги 6 718 тани ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 1 984 тага ёки 42 фоизга кўп. Бу ҳақда Самарқанд вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари Комилжон Ғаффоров халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида маълум қилди, дея хабар бермоқда Zarnews.
Ғаффоровга кўра, кибержиноятларнинг 6 303 таси, яъни 94 фоизи фуқароларнинг банк пластик карталаридаги пул маблағларини қўлга киритиш билан боғлиқ. Жумладан, 2 711 та ҳолат киберфирибгарлик, 3 592 таси эса киберўғрилик сифатида қайд этилган.
Жиноятларни содир этишда турли усуллардан фойдаланилган:
3 550 та ҳолатда сохта ҳаволалар ёки зарарли дастурлар орқали банк картаси ёхуд қурилма бошқаруви қўлга киритилган;
1 478 та ҳолат ижтимоий тармоқлар ва онлайн савдодаги алдовлар билан боғлиқ бўлган;
575 та ҳолатда сохта трейдинг ва онлайн биржалар орқали пул жалб қилиш алдовлари ишлаган;
101 та ҳолат онлайн микроқарз ва кредит расмийлаштириш билан боғлиқ;
97 та ҳолат сохта қўнғироқлар орқали SMS-кодларни қўлга киритиш билан боғлиқ бўлган.
Банк карталари билан боғлиқ жиноятлар оқибатида фуқароларга жами 49 млрд 887 млн сўм зарар етказилган. Шундан 18 млрд 236 млн сўми ёки 36 фоизи ундирилган. Қолган 31 млрд 651 млн сўм зарарни қоплаш чоралари кўрилмоқда.












