Сув хўжалиги иншоотлари бўйича буюртмачи ташкилотларнинг асосий вазифалари қандай?
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида Сув хўжалиги қурилишида буюртмачи сифатида фаолият юритувчи давлат унитар корхоналарини сақлаш харажатларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги Низом лойиҳаси эълон қилинди.
Низомга кўра, сув хўжалиги объектларида капитал қурилиш ишларини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига қарашли ҳудудий “Сувқурилиш инвест” давлат унитар корхоналари буюртмачи ташкилотлар вазифасини бажаради.
Молиялаштириш манбаи аниқланмаган лойиҳалар бўйича буюртмачи ташкилотларнинг хизмати амалга оширилишига йўл қўйилмайди.
Ирригация ва мелиорация сув хўжалиги иншоотлари бўйича қуйидагилар Буюртмачи ташкилотларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
лойиҳа ечимларининг самарадорлигини таъминлаш, архитектура ва шаҳарсозлик даражаси талабларига риоя қилиш;
лойиҳа ва қурилиш ишларида энергия тежовчи ва инновацион технологиялардан самарали фойдаланишни ташкил этиш;
капитал қўйилмалар самарадорлигини ошириш.
ишлаб чиқариш қувватларини ва ижтимоий соҳа объектларини мўлжалланган муддатларда фойдаланишга топшириш прогнозининг бажарилишини таъминлаш.
Юкланган вазифаларга мувофиқ Буюртмачи ташкилотлар қуйидаги функцияларни бажаради:
а) прогнозлаштириш соҳасида:
Ўзбекистон Республикаси ривожлантириш давлат дастурлари шакллантирилишида иштирок этади;
тасдиқланган ривожлантириш давлат дастурлари ва марказлаштирилган манбаларнинг ажратилган лимитлари асосида кейинчалик белгиланган тартибда келишиш учун қурилишларнинг аниқ мўлжалли рўйхати лойиҳасини тайёрлайди;
пудратчи билан келишган ҳолда қурилишнинг титул рўйхатини белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритади;
ривожлантириш давлат дастурлари лойиҳалари жойлаштириладиган туманларда муҳандислик коммуникацияларини ривожлантириш (йўллар, канализация, иссиқлик, электр, газ, сув таъминоти, телефонлаштириш, радиолаштириш ва бошқалар) масалаларини кўриб чиқиш ва ҳал этишда иштирок этади;
б) лойиҳалаштириш соҳасида:
лойиҳаларни ва давлат харидлари бўйича ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун бирламчи-рухсат берувчи ҳужжатларни тайёрлайди, танлов асосида «лойиҳа» босқичида лойиҳалаштириш бўйича ишларига буюртма жойлаштирилишини ташкил этади;
лойиҳалаштиришга топшириқ тайёрлайди ва белгиланган тартибда тасдиқланишини ташкил этади ҳамда уларни лойиҳачи ташкилотга тақдим этади;
давлат харидлари натижасида ғолиб ташкилот билан шартнома тузади ва ҳамда лойиҳани лойиҳа ҳужжатларини бериш ишларининг календар жадвалини келишади;
тегишли ташкилотлар билан экспериментал, илмий-текшириш ва бошқа ишларни бажаришга шартномалар тузади;
лойиҳалаш жараёнида энергия тежовчи ва инновацион технологиялардан фойдаланишга эътибор беради;
бажарувчилар томонидан шартнома мажбуриятларига риоя этилишини назорат қилади;
лойиҳа ва танлов (ёки тендер) ҳужжатлари экспертизадан ўтказилишини, келишилишини, тасдиқланишини, шунингдек экспертизанинг ваколатли органлари хулосалари ҳамда пудрат ташкилотларининг мулоҳазалари бўйича тегишли ҳужжатларга тузатиш ва қўшимчалар киритилишини ташкил этади;
в) қурилиш майдонини тайёрлаш бўйича:
қурилиш учун майдон танлаш ва ажратиш бўйича комиссиялар ишида иштирок этади;
қурилиш учун ер участкалари ажратиш тўғрисидаги ҳужжатларни расмийлаштиради ва белгиланган муддатларда белгиланган тартибда пудратчиларга беради;
электр узатишларнинг ҳаводаги линиялари ва алоқа линиялари ҳудудида, темир йўллар полосасида, қурилиш майдонида жойлашган ер ости коммуникация тармоқлари (кабель, газ қувурлари. канализация тармоқлари ва бошқалар) ўтадиган жойларда ишларни бажариш;
қурилиш даврида шаҳарларда ва бошқа аҳоли пунктларида газ, сув, буғ ва электр таъминоти бўлмаган тақдирда қурилишни ташкил этиш лойиҳасига мувофиқ мавжуд манбалардан олинадиган электр энергияси, газ, сув ва буғдан фойдаланиш;
ўрмонни кесиш ва дарахтлар ўтқазиш, зарур ҳолларда эса дарахтларни кесишга пудрат қурилиш ташкилотларига рухсат берилишини ташкил этади;
объект қурилиши ҳудудидаги бино ва иншоотлар бузилиши билан боғлиқ харажатларни компенсация қилиш чораларини кўради;
фуқароларга зарурат бўлганда амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган объектнинг умумий қиймати доирасида олиб қўйиладиган мева, резавор мева дарахтлари ва экинлар қийматини, шунингдек фуқароларга хусусий мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган бузилиши керак бўлган турар жойлар ва иморатлар қийматини қоплайди;
давлат ташкилотларига, хусусий ташкилотларга ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган бузиладиган бинолар ва иншоотларнинг қолдиқ баланс қиймати ҳисоб-китобини, шунингдек унинг объект қурилиши лойиҳасига киритилиши асослилигини текширади;
қурилиш учун геодезик ажратиш асоси барпо этади;
объектларни қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияларидан рўйхатдан ўтказади, шунингдек пудрат ташкилотларида фаолият турига ва ишларни бажаришга лицензиялар, муаллифлик ва техник назорат борлигини текширади ҳамда қурилиш-монтаж ишларини бажаришга рухсатнома олади.
г) қурилиш, молиялаштириш, ҳисоб ва ҳисобот соҳасида:
объектни лойиҳалаштириш ва фойдаланишга тайёр ҳолда қуриш ишлари (хизматлари) ижрочиларини танлаш бўйича давлат харидларини ташкил этади ва ўтказади;
лойиҳалаштиришга ва пудрат ишларига лойиҳа ва пудрат ташкилотлари, танлов савдоларининг ғолиблари билан белгиланган тартибда шартномалар тузади;
лойиҳа бошқарилишини ва объектлар қурилиши техник кузатилишини таъминлайди;
танлов асосида белгиланган ёки белгиланган тартибда аниқланган келишилган шартномавий нарх асосида қурилишларнинг аниқ ва титул рўйхатларини тузиш ва аниқлаштириш учун таклифлар киритади;
янги турдаги қурилиш материаллардан фойдаланилганда объектлар сифатли қурилиши ва реконструкция қилинишида пудратчи ва ишлаб чиқарувчиларнинг кафолатларини олади;
молиялаштиришнинг келишилган жадвалини ҳисобга олган, бунинг учун зарур бўлган барча ҳужжатларни ҳудудий ғазначилик бошқармаларига тақдим этган ҳолда лойиҳалаш ишлари ва объектлар қурилиши ўз вақтида очилиши ва жорий молиялаштирилишини таъминлайди;
бухгалтерия, тезкор ва статистика ҳисобини юритади, тасдиқланган шаклларга мувофиқ фаолият турлари бўйича ҳисоботларни белгиланган тартибда тегишли органларга тақдим этади ҳамда уларни ишончлилиги учун жавоб беради;
қурилишда банд бўлган пудрат, лойиҳа-қидирув ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар учун пудратчи ва лойиҳачи ташкилотлар томонидан тўловга тақдим этилган маълумотнома-счёт-фактураларини текширади;
бажарилган ишларга белгиланган тартибда ҳақ тўлайди (бажарилган ишлар ҳажми ва қиймати тўғрисида имзоланган маълумотнома-счёт-фактуралар асосида), шунингдек қурилиши тугалланган объект бўйича кафолат муддати маблағларини ушлаб қолган ҳолда ҳисоб-китоб қилади;
фойдаланишга топширилган объектларнинг белгиланган кафолат муддатлари якунлангандан сўнг ушлаб қолинган кафолат маблағларини белгиланган тартибда тўлаб беради;
фойдаланишга топширилган объектлар бўйича кафолат муддати даврида эксплуатация ташкилотлари томонидан билдирилган камчиликларни пудратчи ташкилоти томонидан бартараф этилишини ташкил этади;
шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ва зарур даражада бажарилмаганлиги учун пудрат, лойиҳа-қидирув ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга шартнома шартларига асосан неустойка (жарима, пеня) тўлаш тўғрисидаги даъволарни ўз вақтида тақдим этади;
объектни фойдаланишга тайёр ҳолда қуришда ишларни бажариш ва объект қурилишини молиялаштириш жадвалларига мувофиқ пудратчига аванс беради ва уни жорий молиялаштиради;
объект қурилишида техник назорат ишларини олиб боради;
д) қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиб олиш соҳасида:
қурилиш нормалари ва қоидаларига, бошқа амалдаги норматив ҳужжатларга мувофиқ қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиб олади, шу жумладан:
қурилиши тугалланган объектлар бўйича ишчи ва давлат қабул қилиш комиссиясига зарур ҳужжатларни тақдим этади (пудрат ташкилотлар билан биргаликда);
фойдаланишга қабул қилинган объектларни, ижро ҳужжатларини, ишчи ва давлат комиссиясининг қабул қилиш далолатномаларини барча иловалар билан биргаликда фойдаланувчи органлар балансига беради;
қурилиши ва лойиҳа ишлари тугатилмаган объектлар бўйича уларнинг қурилишини ёки лойиҳасини давом эттириш, ҳисобдан чиқариш ёки белгиланган тартибда бошқа ташкилотларга бериб юбориш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
норматив ҳужжатлар талаблари бузилган ва лойиҳа ҳужжатлари ечимидан четга чиққан ҳолда қурилган объектлар фойдаланишга қабул қилиб олинганлиги учун пудратчи ташкилот билан биргаликда жавоб беради.
Мавзуга оид
13:56 / 14.10.2024
Озарбойжонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича миллий стратегия қабул қилинди
09:50 / 16.08.2024
Россияда ярим йилда - «номақбул ташкилотлар» бўйича 100 дан ортиқ иш
14:50 / 09.08.2024
Россияда давлат иштирокидаги ташкилотлар ҳам «номақбул» деб топилиши мумкин
08:31 / 02.08.2024