Ғолиб кадрда шимолий олушалар балиқчилар ташлаб юборган балиқларни тутиш учун сув остида курашаётгани тасвирланган. Ҳаводан шиддат билан шўнғиган қушлар тўлқинлар остида озуқа талашади. Сурат инсоннинг балиқчилик фаолияти ёввойи ҳайвонлар хатти-ҳаракатларига қандай таъсир қилиши мумкинлигига эътибор қаратади.

Биринчи ўринни эгаллаган сурат: «Океандаги талатўп» / © Nur Tucker

Иккинчи ўринни Линда Несснинг «Акулалар дарвозаси» сурати эгаллади. Кадр Жанубий Африканинг Транскей соҳиллари яқинида сардиналарнинг йиллик оммавий кўчиши вақтида олинган. Унда акула зич балиқ тўдаси орасида озиқланаётгани акс этган.

Иккинчи ўринни эгаллаган сурат: «Акулалар дарвозаси» / © Linda Ness

Учинчи ўрин Люк Румуаннинг «Мандаринка балиқларининг жуфтлашиш рақси» суратига берилди. Фотограф 2025 йил декабрида Лембех бўғозида икки ҳафта давомида сувости оламини кузатган.

Учинчи ўринни эгаллаган сурат: «Мандаринка балиқларининг жуфтлашиш рақси» / © Luc Rooman

Ёрқин рангли мандаринка балиқларининг жуфтлашиш маросими шом пайтида содир бўлади. Улар маржонлар орасидан жуфт бўлиб чиқиб, қисқа вақт сув қатламига кўтарилади ва яна яширинади. Кўплаб уринишлар ва узоқ кутишдан сўнг фотограф ана шу ўткинчи лаҳзани тасвирга олишга муваффақ бўлган.

Ҳакамлар ҳайъати юқори баҳолаган сурат: «Оғир юк» / © Noam Kortler

Ҳакамлар юқори баҳолаган ишлар орасида Ромен Баратнинг «Яна балиқ овига» сурати ҳам бор. Унда Антарктиканинг Порт-Шарко буруни яқинида муздек сувни ёриб сузаётган пингвинлар гуруҳи акс этган.

Ноам Кортлернинг «Оғир юк» сурати Филиппиндаги Моалбоал яқинида олинган. Кадрда бисса денгиз тошбақаси миллионлаб сардиналар тўдаси ёнида сузмоқда. Суратдаги ракурс туфайли тошбақа гўё бутун балиқ тўдасини косаси устида кўтариб кетаётгандек кўринади.